Еврокубоклар каби, миллий чемпионатларда ҳам ҳал қилувчи палла етиб келди. Францияда «ПСЖ» чемпионлик сари сўнгги қадамларини қўйса, «Барселона» шу ҳафтадаёқ Испания чемпионига айланиши мумкин. Англия ва Германияда эса бу масала сўнгги ҳафтагача давом этадиган кўринади. Бундан ташқари, ЕЧЛ йўлланмалари учун, лигада жон сақлаш учун курашлар ҳам авж паллага етиб келган. Ҳафтанинг энг муҳим ва қизиқарли учрашувлари навбатдаги анонсимизда:

ЛИДС – НЬЮКАСЛ (13 май, 16:30)

Англиядаги навбатдаги тур анча қизиқарли ва муҳим тўқнашув билан бошланади. «Лидс» АПЛда ўз ўрнини сақлаб қолиш бор имкониятини ташлашда давом этмоқда ва ҳатто яқинда бу вазифа бўйича ўзига яраша тажрибали бўлган Сэм Эллардайсни олиб ҳам келди. «Катта Сэм»нинг дастлабки ўйини муваффақиятли чиқмаган бўлса-да, рақиб «Манчестер Сити» эди ва ортиғини даъво қилиш ҳам қийин масала. Энди эса жамоа қолган уч турда «Ньюкасл», «Вест Ҳэм» ва «Тоттенҳэм»дан очколар олишга тўғри келади. Асосий рақиблар «Лестер», «Эвертон» ва «Ноттингем Форест». Рақибларда ҳам тақвим у қадар осон эмас, демак «Лидс» учун ҳар бир очко жуда қадрли.

Худди шу мулоҳазани «Ньюкасл»га нисбатан ҳам ишлатиш мумкин. Эдди Ҳау жамоасининг кучли тўртликдаги ўрни анча хавфсиз кўринган бўлса-да, «Арсенал»дан учралган мағлубиятдан кейин, бунинг устига «Ливерпуль»нинг қаторасига ғалабага эришаётгани бироз хавотирга солиб қўйди. Жадвалнинг қуйида кураш анча қизғинлиги учун ўткинчи ўйинлар йўқ, демак ҳали ўйнаш керак. «Ньюкасл» «Лидс»дан ташқари, «Лестер» билан, еврокубоклар учун тўғридан тўғри рақиб – «Брайтон» ҳамда таркиб жиҳатидан барибир кўп нарсага қодир бўлган «Челси» билан сафарда ўйнайди. Бу ўйинлардаги икки мағлубият «Ньюкасл»ни умуман бешинчи ўринга тушириб юбориши ҳам мумкин. Демак, жамоа мавсум давомида ҳар қанча барқарор кўринган бўлмасин, сўнгги ўйинларда ҳам ўша даражани сақлаб қолиши шарт. Босимни бироз камайтириш, кейинги ўйинлардаги қўшимча ишонч учун ҳам «Лидс» сафари жуда муҳим.

Биринчи даврадаги ўзаро ўйин ҳам «Ньюкасл» учун осон кечмаганини, ўтган йилнинг сўнгги оқшомида ўтган учрашувда ҳисоб очилмаганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Ўшанда мезбонлар 7та ўта хавфли вазият яратган ва бирортасидан ҳам фойдалана олмаганди.

Таркиблар борасида йўқотишлар у қадар кўп эмас. Мезбонлар сафида Даллас ва Купернинг ўйнай олмаслиги аввалдан маълум эди. Ҳау жамоасида эса Шон Лонгстафф ҳали машғулотларга қайтгани йўқ. Ричи, Крафт ва Ласселс каби футболчилар эса мавсум охиригача сафдан чиқишган. Шунингдек, сўнгги ўйинларда Сан-Максимен яхши формада эмас ва унинг ушбу ўйинда ҳам асосий таркибда кутмаган маъқул.