Жаҳон | 08:03 / 15.05.2023
21930
2 дақиқада ўқилади

Россия Финландия ва Норвегия яқинида 16 та бомбардимончи самолётини жойлаштирди

Россия Финландия ва Норвегиядан 200 километр узоқликда 16 та Ту-160 ва Ту-95 стратегик бомбардимончи самолётларини жойлаштирди, деб ёзади The Barents Observer. Ушбу ядровий бомбардимончи самолётларнинг биринчиси базага август ойида келган.

Ту-160 / Фото: Zuma/ТАСС

Россия НАТО аъзолари Финландия ва Норвегиядан 200 километр узоқликдаги Кола яриморолида Оленя авиабазасига ядровий қурол олиб юриш имконига эга 16 та Ту-160 ва Ту-95 стратегик бомбардимончи самолётларини жойлаштирди. Бу ҳақда 14 май, якшанба куни The Barents Observer 7 май куни сунъий йўлдошдан олинган суратларга асосланиб хабар бермоқда.

Ушбу тасвирларга кўра, Оленя авиабазасида иккита товушдан тез ҳаракатланадиган Ту-160 ва 14 та Ту-95 турбовинтли самолётлар жойлаштирилган. Ту-160 ва Ту-95 жуда тез ҳавога кўтарилиши мумкин. "Демак, Норвегия ва Финландияда ўз ҳаво ҳудудига яқин турган самолётларни аниқлаш учун қирувчиларини ҳавога кўтаришга камроқ вақт бўлади", деб ёзади нашр.

Россия стратегик авиацияси ҳаракатларини аниқловчи радиокузатувчи Олга Гончаренко хабарлари Оленяда жойлашган Россиянинг стратегик бомбардимончи самолётлари Украинани қанотли ракеталар билан ўққа тутишда иштирок этаётганини кўрсатмоқда.

The Barents Observer эслатишича, Оленя авиабазаси аввалроқ эски Ту-22М товушдан тез бомбардимончи самолётлар ва бир нечта Ан-12 ҳарбий-транспорт самолётларининг кичик паркига хизмат қилган. Бироқ, 2022 йил ёзининг охирида ҳамма нарса ўзгарди: биринчи тўртта Ту-160 август ойида бу ерга келди ва октябргача 10 дан ортиқ Ту-95 ва Ту-160 самолётлари йиғилди.

Мавзуга оид