Жаҳон | 18:22 / 15.05.2023
13368
2 дақиқада ўқилади

«Туркменгаз» раҳбарияти ходими «Галқиниш»даги авария учун 8 йилга қамалди

Январь ойида юз берган авария оқибатида Туркманистондан Ўзбекистонга газ етказиб бериш тўхтаб қолган эди.

Фото: Туркменгаз

«Туркменгаз» давлат концерни раисининг собиқ ўринбосари Отамурот Чориев «Галқиниш» газ конида содир бўлган авария учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Turkmen.news хабарига кўра, суд қачон ва қаерда бўлиб ўтгани ҳозирча номаълум. Бундан ташқари, амалдорга катта миқдорда молиявий даъво тақдим этилган. Ушбу авария туфайли қишда Ўзбекистонга газ етказиб бериш бир неча кунга тўхтаб қолган эди.

Туркманистон расмий матбуоти ҳукм ҳақида хабар бермади. Иш бўйича бир неча бошқа айбланувчиларнинг тақдири ҳозирча номаълум.

2023 йил январь ойида «Галқиниш» конидан газ етказиб бериш фавқулодда тўхтаб қолган эди. Бунга қуритиш датчиклари ишдан чиққани, шунингдек, ёқилғининг музлашига йўл қўймайдиган реагентларнинг йўқлиги сабаб бўлган. Оқибатда, аномал совуқ об-ҳаво шароитида Ўзбекистонга газ етказиб беришда узилиш юз берган. Март ойига келиб Отамурот Чориев ва бошқа бир қанча амалдорлар ҳибсга олинди.

Отамурот Чориев 2019-2021 йилларда музлашдан ҳимоя қилувчи реагентларни харид қилиш учун бевосита жавобгар бўлган. Манбаларнинг таъкидлашича, у қиммат «антифриз» етказиб бериш бўйича шартномалар тузган, аммо аслида арзон муқобилини сотиб олган. Амалдор бу фирибгарликдан тушган даромадни давлат концернининг ўша пайтдаги раҳбари Мурод Арчаев ва газ қазиб олиш бошқармаси бошлиғи Қадам Ўраниёзов билан «баҳам кўрган».

Ўзбекистонга газ етказиб беришнинг узилиши «Туркменгаз» учун жиддий оқибатларга олиб келди, деб ёзди манба. Таъминот шартномаси Россиянинг «Газпром» ширкатини четлаб ўтган ҳолда тузилган эди. «Галқиниш»да юз берган авария оқибатида тажриба муваффақиятсиз деб топилди.

Мавзуга оид