Иқтисодиёт | 10:49 / 16.05.2023
30613
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда ЕТТБ Бошқарув кенгашининг 32-йиғилиши бошланди

16-18 май кунлари Ўзбекистонда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг “Мувофиқликка сармоя киритиш” мавзусидаги 32-йиллик йиғилиши бўлиб ўтади.

Бизнес-форум кун тартибидан “Ўзбекистоннинг инвестицион истиқболлари тўғрисида”ги сессия ҳам ўрин олган. Унда мамлакат иқтисодиётининг ўсиш истиқболлари ва сармоя киритиш имкониятлари муҳокама қилинади.

Шунингдек, тадбирнинг уч кунлик кун тартибидан турли мавзуларда экспертлар иштирокида бир қатор муҳокама панел сессиялари ҳам жой олган. Сессиялар минтақалар ва алоҳида мамлакатларга қаратилган.

Улар орасида:

  • халқаро савдо;
  • энергетика хавфсизлиги, қайта тикланадиган энергия манбалари;
  • замонавий дунёда қисқа ва узоқ муддатли муаммолар;
  • кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиёт учун аҳамияти;
  • ривожланаётган бозорларда рақамлаштириш;
  • ЕТТБ “Яшил шаҳарлар” дастури;
  • ЕТТБнинг етакчи макроиқтисодий тадқиқоти – “Минтақавий иқтисодий истиқболлар”.

Ўзбекистоннинг ЕТТБ билан муносабатлари

Ўзбекистон 1992 йил 30 апрелда ЕТТБга аъзо бўлган. Республика Швейцария, Украина, Лихтенштейн, Туркманистон, Сербия, Черногория ва Молдова билан биргаликда ЕТТБнинг Швейцария гуруҳига киради.

1993 йил май ойида – Тошкентда, 2019 йил октябрда – Андижонда, 2021 йил июнда – Урганчда банк ваколатхонаси очилган.

Бугунги кунга қадар республикада ЕТТБ иштирокида қиймати 4 млрд евродан ортиқ бўлган умумий 129 та лойиҳа амалга оширилган.

Хусусан, ЕТТБ 2022 йилда Ўзбекистондаги лойиҳаларга 839 миллион евро ажратди, бу эса 2021 йилга нисбатан 30 фоизга кўп.

Банк Ўзбекистондаги фаолиятида давлат корхоналари ва банкларини ўзгартириш ва хусусийлаштириш, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, яшил ривожланиш лойиҳаларини, энергетика ва транспортни қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини жорий этиш, шунингдек, аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги дастурларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хусусан, ЕТТБ иштирокида вазирлик ва идоралар томонидан “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди. Банк Бухоро вилоятида умумий қуввати 1 ГВт бўлган иккита шамол электр станциясини қуриш учун 520 миллион доллар ажратди. Шунингдек, Саримай ва Жанкелди қишлоқлари ўртасида узунлиги 120 км бўлган юқори волтли электр узатиш линиясини қуришда ҳам иштирок этмоқда.

ЕТТБ қандай ташкилот?

Европа тикланиш ва тараққиёт банки халқаро молия институти ҳисобланиб, 1991 йилда тузилган. Бош қароргоҳи – Лондонда жойлашган.

Асосий мақсади – мамлакатларга бозор иқтисодиётига ўтишга ёрдам бериш, уларнинг жаҳон хўжалик ҳамжамиятига интеграциялашувига кўмаклашиш, таркибий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, шу жумладан монополиядан чиқариш, марказсизлаштириш, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш. ЕТТБ ташкил этилганидан бери умумий қиймати 180 миллиард евродан ортиқ бўлган 6500 дан ошиқ лойиҳаларни амалга оширган. Олий бошқарув органи – Бошқарув кенгаши.

Банкнинг устав капитали 30 миллиард еврони ташкил этади. ЕТТБ ўз облигацияларини халқаро молия бозорларида чиқариш орқали маблағ жалб қилади. Бугунги кунга келиб, банк фаолияти Марказий ва Шарқий Европа, Марказий Осиё, МДҲ, Жанубий ва Шарқий Ўрта Ер денгизининг 35 та давлати ва Мўғулистонни қамраб олади. 

Мавзуга оид