Танзила Норбоева Озарбойжон Республикаси президенти билан учрашди
Олий Мажлис Сенати раиси шу кунларда амалий ташриф билан Озарбойжон Республикасида бўлиб турибди.
15 май куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев билан учрашди.
Президент Танзила Норбоева бошчилигидаги делегациянинг Озарбойжоннинг атоқли давлат ва жамоат арбоби Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Миллий Мажлиснинг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этаётгани, ушбу мамлакатнинг умуммиллий лидери хотирасига кўрсатилган юксак ҳурмат-эҳтиром учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатларининг бугунги ҳолатига тўхталар экан, Илҳом Алиев улар изчил равишда стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди. Давлат раҳбарлари ўртасида ўзаро ишонч ва қардошлик муносабатлари ўрнатилиб, олий даражадаги ташрифлар алмашинувининг самарали механизми яратилганини таъкидлади.
«Ўтган йилнинг ўзида мен Ўзбекистонга 3 марта ташриф буюрдим. Бу биз учун мамлакатингиздан яқинроқ дўст йўқлигини яна бир бор тасдиқлайди» деди Илҳом Алиев.
Ўз навбатида Танзила Норбоева самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан кейинги йилларда Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатлари сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилгани, икки томонлама алоқаларнинг ижобий динамикаси деярли барча йўналиш ва даражаларда кузатилаётгани, муҳими, икки қардош мамлакат халқаро ва минтақавий ташкилотлар майдонларида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётганига алоҳида тўхталди.
Шунингдек, Танзила Норбоева парламентлараро мулоқот икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисмига айлангани, Ўзбекистон ва Озарбойжон парламентлари халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, бундан буён ҳам икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг барча устувор йўналишлари бўйича ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштириш учун парламентлараро алоқаларнинг барча имконият ва саъй-ҳаракатларини ишга солинишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, суҳбат чоғида Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатларини икки мамлакат парламентлараро мулоқоти орқали ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниб, ҳамкорликнинг турли йўналишлари жумладан, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, энергетика, сармоявий ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги қардошлик алоқалари истиқболли давом этиши муҳимлиги қайд этилиб, икки давлат ёшларини бирлаштиришга хизмат қиладиган махсус форум ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.
Мавзуга оид
17:29 / 12.11.2024
Мирзиёев БМТ миқёсида Дарё экотизимларининг бутунлиги декларациясини тузишга чақирди
23:45 / 11.11.2024
Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Боку шаҳрига борди
22:20 / 08.11.2024
Қорабоғ сафари: Жафокаш Фузулий ва янгиланаётган Зангилон
19:13 / 02.11.2024