Ўзбекистон | 15:53 / 17.05.2023
10632
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Валдис Домбровскис бошчилигидаги ЕИ делегациясини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Самарқанд саммити доирасида Еврокомиссия раиси ўринбосари Валдис Домбровскис бошчилигидаги Европа Иттифоқи делегациясини қабул қилди.

Ўзбекистоннинг ЕИ институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини, шу жумладан минтақавий шериклик форматида кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Валдис Домбровскис давлат раҳбарига Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши президенти Шарль Мишелнинг саломларини етказди. Амалга оширилаётган ортга қайтмас демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар қўллаб-қувватланди.

Учрашувда ўзаро мулоқотлар ва самарали алмашинувлар фаоллашгани, савдо, инвестиция, “яшил” иқтисодиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик суръати ошиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жорий йил бошидан 65 фоизга ошди. Европанинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари билан амалга оширилаётган ва истиқболдаги лойиҳалар портфели 20 миллиард евродан зиёдни ташкил қилмоқда.

ЕИ институтлари билан фаол мулоқотни, энг аввало, иқтисодий йўналишда давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Бунда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қабул қилиш, мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши, GSP+ преференциялар тизимида иштирок этиш билан боғлиқ масалалар эътибор марказида турибди.

Мавзуга оид