«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ва Россия мудофаа вазирлиги ўртасидаги очиқ тортишувлар давом этмоқда. Бу сафар «Путиннинг ошпази» Россия ҳарбий идорасига хат жўнатгани, унда Бахмут шаҳрида РФ мудофаа вазирлиги бўлинмалари билан боғлиқ муаммолар акс эттирилганини гапириб чиқди, шунингдек, ҳарбий хизматга сафарбар қилинганлардан РФ МВ бўлинмаларида бошқарув рисоладагидек бўлмагани сабабли «Вагнер» ХҲК сафига қўшилиш ҳақида кўплаб мурожаатлар бўлаётганини билдирди.
Кутилганидек, РФ мудофаа вазирлигидаги бекитиқча ишлашга кўникиб қолган жаноблар Пригожинга наинки жавоб қайтаришди, ҳаттоки бу хатни қабул қилишни ҳам ўзларига эп кўришмади. Россия Давлат думасининг мудофаа қўмитаси аъзоси, генерал-лейтенант Виктор Соболев Пригожиннинг «РФ МВ бўлинмаларида бошқарув рисоладагидек бўлмагани сабабли» сафарбар этилганларни «Вагнер» сафига қўшиб олиш таклифидан ниҳоятда ғазабланди: «Хусусий ҳарбий компания — ноқонуний қуролланган гуруҳ, у қаерда рўйхатдан ўтгани ва нималар билан машғуллиги номаълум», деди у.
Боз устига, Соболев сафарбар қилинганларнинг «Вагнер» ХҲКга ўтишни (ўзбошимчалик билан эмас, раҳбариятнинг рухсат билан, албатта) ва «чинакамига жанг қилиш»ни истаётган Россия аскарларига жиноий жавобгарлик билан таҳдид қилди.
«Агар улар ҳарбий қисмга жўнатилган бўлса, ўша ерда туришсин ва олдига қўйилган вазифаларни бажаришсин. Улар фронтда бўла туриб, армиядан кета олишмайди. Ҳарбий қисмини ўзбошимчалик билан тарк этишни тақиқловчи бир қатор қонунлар бор ва бунга жиноий жавобгарлик белгиланган: 10 йилдан 15 йилгача», — деди Думадаги генерал.
Табиийки, Пригожиннинг жавоби ҳам узоқ куттирмади. У дарҳол Соболевни «картон қўнғиз» деб атади ва уни тайёргарлик кўриб, «фронтга даф бўлиш»га чақирди.
Бу даҳанаки жангларнинг барчаси Путиннинг ўзи яратган Пригожин энди унинг учун катта бош оғриқ ва катта муаммога айланганидан гувоҳлик бериб турибди, деб ёзади журналист ва тарихчи Александр Желенин.
Агар Думадаги «картон» генералларнинг, ҳаттоки «ўзлари»га от чоптираётган Пригожин ҳамон фронтда ва ўз ҳарбий компаниясига раҳбарлик қилаётган экан, демак унинг ўзи ҳам, каллакесарлари ҳам Путинга ҳозирча керак эканини билдиради. Лекин Путин учун у муаммолигича қолаверади ва уни биринчи имкониятдаёқ ҳал қилишига шак-шубҳа йўқ. Лекин ҳозир эмас.




















