Совринсиз қолган Турин
Севиля — Ювентус 2:1
Голлар: Сусо (71), Ламела (95) — Влаҳович (65).
Севиля – Буну, Навас (Гомес, 106), Баде, Гудел, Акунья, Ракитич, Фернандо, Окампос (Ламела, 70), Торрес (Сусо 62, Рекик 117), Ҳил (Монтиел, 100), Ан-Носири.
Ювентус – Шченсни, Данило, Бремер, Гатти, Куадрадо (Милик, 105), Ди Мария (Киеза, 64), Рабио, Локателли (Миретти, 86), Фажоли (Паредес, 41), Кен (Влаҳович, 64), Айлинг (Костич, 86).
Огоҳлантиришлар: Кен (11), Акуня (57), Данило (105), Сусо (117), Паредес (117).
Четлатиш: Акуня (115).
Биринчи ўйин — 1:1.
«Рамон Санчес Писхуан» стадионидаги ўйин дебюти бир ҳафта олдин Туринда бўлиб ўтган ўйинни ёдга солиб юборди. «Севилья» бу сафар ҳам анча кучлироқ кўринди ва фаолроқ ўйнади, аввалги ўйинда «Ювентус»ни ўйинга қўшиб берилган 7-дақиқада қутқариб қолган Гатти эса бу сафар меҳмонларнинг биринчи хавфли ҳужумини голга айлантиришига бир бахя қолди. Жароҳат туфайли сафдан чиққан Бонуччи ўрнига ўйнаган ҳимоячи бош билан хавфли зарба берди, аммо Буну ажойиб сейв намойиш этди.
Бу эпизод ўйиндаги оҳангни белгилаб берди ва мухлислар томошабоплик борасида Чемпионлар лигаси яримфиналидаги Милан дербисини анча ортда қолдирадиган ўйинга гувоҳ бўлишди. Биринчи бўлимда икки томон ҳам камида иккитадан гол уриши мумкин эди, аммо ҳайратланарли даражада таблода ноллар сақланиб қолди. Бунга дарвозабонлар, айниқса Шченсни қаттиқ қаршилик кўрсатди. Поляк дарвозабон тўпни дарвоза чизиғида тўхтатиб қолган эпизод бутун еврокубок мавсуми ҳит-парадини безаб беради.
🧤 Top second-leg saves 🤩 Which is best?#UEL || #UELsaves || @UKEnterprise pic.twitter.com/NKVL9eAzk7
— UEFA Europa League (@EuropaLeague) May 18, 2023
Биринчи 45 дақиқаликда «Юве» Локателлидаги офсайд ҳолати туфайли Рабионинг голидан маҳрум бўлди, Мойзе Киннинг зарбаси устунга тегди, Ди Мария қулай вазиятдан фойдалана олмади. Аргентиналик футболчи фаолияти давомида «черпачка» (тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлаш) услубида кўплаб голлар урган, унинг шундай голлари Аргентинага олимпия олтини ва Америка кубогини келтирган, аммо бу сафар у буни тўғри ижро эта олмади. Лекин туринликлар клуби учун бу ўйиндаги энг ҳал қилувчи эпизод Ди Мариянинг хато зарбаси эмас, Фажолининг жароҳати бўлди. Бу мавсум кашфиётларидан бири бўлган яримҳимоячини Гудел билан майдон марказидаги тўқнашувдан кейин замбилга солиб олиб кетишди.
















