Университет ўз ичига 5та таълим мактабини олган бўлиб улар 28та йўналишдан ташкил топган ва сиз кундузги, кечки ҳамда сиртқи таълим йўналишларида:
- Ўзбек
- Инглиз
- Рус тилларида таълим олиш имкониятига эга бўласиз.
Шу муносабат билан Тошкент Кимё халқаро университетида абитуриент ва уларнинг ота-оналари учун, очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди. Очиқ эшиклар кунида қабул комиссияси аъзолари томонидан университетда мавжуд йўналишлар ва қизиқтирган саволларга жавоб бериш билан бирга университет ўқув бинолари ва лабораториялари бўйлаб саёҳат уюштирилди. Ундан ташқари, Ранг-тасвир ва Робототехника йўналишлари бўйича талабалар томонидан мастер класслар ташкил қилинди. Таржимашунослик ва Корейс филологияси йўналиши талабалари томонидан Хитой маданиятига оид саҳна кўринишлари тақдимоти ўтказилди.
“Бугун университетимизда очиқ эшиклар куни бўлиб ўтмоқда. Тадбирда университетимизда мавжуд бўлган, 5та таълим мактабларимизга кирувчи жами 28та йўналиш ҳақида абитуриентларга маълумотлар бердик.
Ташриф буюрганлар орасида тиббиёт мактабига кирувчи, даволаш иши ва стомотология йўналишларига қизиқувчилар абитуриентлар сонининг кўплиги бизни қувонтирди. Биз уларга имтиҳон жараёнидан бошлаб, то ўқишни тамомлаганларидан сўнг қаерда иш фаолиятларини олиб боришлари мумкинлигигача бўлган жараёнлар ҳақида батафсил маълумот бердик”, - деди даволаш иши йўналиши раҳбари Жобир Аҳмедов.
Тошкент Кимё халқаро университети дастлабки тўрт йил давомида “Тошкент шаҳридаги Ёджу техника Институти” бренди остида фаолият юритди. Қисқа вақт ичида таълим йўналишлари сони 28тага етди, институт ISO 9001:2015 сифат менежменти тизими халқаро сертификатига эга бўлди, шунингдек, 9та таълим дастури бўйича халқаро аккредитациядан ўтказилди.
Шу билан бирга илк ташкил қилинган гуманитар ва иқтисодий йўналишлар Олий таълим сифатини кафолатлаш Европа регистрининг (EQAR) маълумотлар базасига киритилди. Яқин йилларда техник йўналишларни EUR-ACE (European Accredited Engineer) маълумотлар базасига киритиш ва барча таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш асосий стратегик вазифа қилиб белгилаб олинди.
Ҳозирга келиб ҳамкор хорижий олий таълим муассасалари тармоғи кенгайди. Илк йилларда Жанубий Корея Республикасининг Ёджу техника институти асосий ҳамкор бўлган бўлса, айни дамда турли мамлакатлардаги ҳамкор университетлар сони 50дан ортди ва шулардан Ханянг, Гачон, Ханкёнг каби университетлар билан яқин таълим алоқаларига эга бўлдик. Шулар қаторига Чосун, Чонжу, Даегу (Корея Республикаси), Рузвелт университети (АҚШ), NILE ва Старклайд университетлари (Буюк Британия), Рига техника университети, Туриба университети ва Болтиқ халқаро академияси (Латвия Республикаси), Берлин техника Университети ва Халқаро амалий фанлар университети (Германия), Йилдиз техника университети ва Истанбул Айдин университети (Туркия) ва бошқа кўплаб университетлар киради.












