Ўзбекистон | 18:03 / 20.05.2023
12299
2 дақиқада ўқилади

Грант асосида ўқиган битирувчиларнинг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти ўз кучини йўқотмаган - вазирлик

Олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида тамомлаган битирувчиларнинг уч йил ишлаб бериш мажбурияти ҳозирги кунда ҳам амал қилади.

Ижтимоий тармоқларда грант асосида таҳсил олган ОТМ битирувчиларининг мажбурий тартибда камида 3 йил ишлаб бериши талаби бекор бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ушбу маълумотлар юзасидан баёнот берди.

Қайд этилишича, президентнинг 2005 йил 2 июндаги қарори 6-бандида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш юклатилган.

Мазкур топшириққа мувофиқ, 2005 йил 7 июлдаги 58, 154-1, 19 ва 02/2658-сонли қарор билан тасдиқланган низомга кўра, олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида таҳсил олиб тамомлаган битирувчиларнинг уч йил ишлаб бериши мажбурияти белгиланган.

Давлат раҳбарининг 2022 йил 15 июндаги 279-сон қарори билан президентнинг айрим қарорлари, жумладан, 2005 йил 2 июндаги 92-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.

Мазкур қарор ижросига кўра ишлаб чиқилиб, тасдиқланган Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом ўз кучини йўқотмаган.

Вазирлик изоҳига кўра, низомдаги тартиблар янги ҳуқуқий нормаларга зид эмас ва ушбу низомни ўз кучини йўқотган деб топиш бўйича қоида бирор-бир норматив ҳужжатда кўзда тутилмаган.

Яъни, олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида тамомлаган битирувчиларнинг уч йил ишлаб бериш мажбурияти ҳозирги кунда ҳам амал қилади.

Мавзуга оид