«Шаҳарнинг катта қисмида полицияни деярли учратмайсиз...»

Жаҳондаги истеъмол маҳсулотлари нархлари, жиноят кўрсаткичи ҳақидаги статистик маълумотларни тақдим этувчи Numbeo портали Венесуэла пойтахти Каракасни жаҳондаги энг хавфли шаҳар дея топган.

Каракасда 2 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг миллий ва ирқий таркиби ўта хилма-хил. Кўпчилик қисми испанлар ва ҳиндулар аралашувидан таркиб топган метислардир. Шунингдек, европаликлар авлодлари, қора танлилар ҳам истиқомат қилади.

Айтилишича, Каракасда жиноятчилик билан вазият шу даражага келиб қолганки, бу шаҳарда ёлғиз ва қўриқчисиз саёҳат қилиш, ўз жонини катта хавфга қўйиш билан тенг.

Венесуэла бир неча йиллардан бери кучли иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Жаҳондаги энг катта нефт захираларини ўзида жамлаган давлат эпсиз бошқарув ва тутуриқсиз сиёсат оқибатида жар ёқасига келиб қолди. Натижада аҳвол жуда ёмонлашиб, жиноятчилик даражаси кескин ошиб кетди.

Охирги беш йилда Каракасда ҳар минг кишига ўртача битта қотиллик тўғри келади. Шаҳарда ҳар куни ўнга яқин киши қотиллик ва бандитлар ҳужуми сабаб қурбон бўлади.

Каракасда аҳолининг 70 фоизи хароба уйларда истиқомат қилади. Мутахассисларга кўра, шаҳарда жиноятчиликнинг кескин ортиб кетишига уч асосий сабаб бор: молиявий инқироз, ишсизлик ва тушунарсиз иқтисодий-ижтимоий сиёсат.

Каракаснинг катта қисмида шунчаки кўча қонунлари амал қилади. Бу ерларда полицияни айтарли учратмайсиз. Жуда улкан жиноятлар ёки йирик операциялар вақтидагина уларни кўришингиз мумкин. Ижтимоий муносабатлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

«Аксарият маҳаллаларга электр етиб бормаган. Айниқса кечқурун чироқ йўқ хароба маҳаллалардан ўтиб бораётганда, сизга биров ҳужум қилмаслигига ёки тирик қолишингизга биров кафолат бера олмайди», – дейди Каракасга ташриф буюрган россиялик блогер Иля Варламов.

«Уго Чавес даврида тартиб-интизом бор эди. Мадуро иқтисодий инқироз фонида полициядаги штатларни қисқартирди. Аҳоли ҳам полицияга ишонмай қўйди. Энди Каракасда кўчада, метрода, бекатда — қаерда қулай бўлса сизни тунашга ёки ўлдиришга уринишади. Ҳукумат фақат бой кварталлар, ташкилотлар бинолари жойлашган ҳудудларни назорат қила олади», дея ёзади блогер.