Дилноза Кубаева – бугунги ўзбек театр ва кино санъатининг кўзга кўринган вакилларидан бири. Унинг ижросидаги роллар жуда кўпчиликнинг қалбидан муносиб ўрин эгаллаган, бироқ кейинги пайтда у саҳнада камроқ кўриниш бермоқда. Жуда кам интервью берадиган актриса журналситлар Назира Иноятова ҳамда Шоира Мирсодиқова билан суҳбат давомида кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб бериш баробарида ҳаётий қадриятлари ҳақида ҳам тўхталган.

Дилноза Кубаева
Скриншот: You Tube/ SHOIRA MIRSADIKOVA 

“Болаларга кўпроқ таъсир ўтказсам дейман”

Санъатга бўлган муҳаббат менга ота-онамдан ўтган бўлса, уларга боболаримдан, момоларимдан ўтган. Табиат қўйнида катта бўлган одамлар бошқача бўлади. Улар ҳар бир гиёҳ билан, тош билан гаплашади. Ўша табиат билан улғайишган.

Ҳозир билмадим, лекин ўша ота-оналаримиз даврида ҳамма шоир, ҳамма санъаткор бўлган. Балки менинг ўғлимда бўлмас, лекин невараларимда, албатта, санъатга муҳаббат, ижодкорлик бўлади, ўтади барибир.

Болалар билан боғлиқ фаолиятим йўқ, афсуски. Миллий театрга 12 ёшдан катта болалар келиши мумкин. Ҳар бир чиқишимда ич-ичимдан «Қанийди, шу айтаётган шеъримни болажонлар яхши кўриб қолса, қидириб топсайди», дейман. Санъатга ошно қалбдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Қўлимдан келса, болаларга кўпроқ таъсир ўтказсам дейман, лекин имкониятим чекланган.

«Душманлик – бир-бирини тушунмаслик»

Менинг ҳаёт луғатимда «душман» деган сўз йўқ. Ҳар куним, ҳар сониям Яратганга таваккал, ҳаётимдаги жуда кичик масалаларни ҳам Аллоҳнинг изнига ташлаб қўйганман. Бандалар фақат сабабчи.

Душманликнинг ҳам илдизи бир-бирини тушунмасликдан келиб чиқади. Одамлар бир-бири билан гаплашиб олиши керак. Зиддиятларда четдаги инсонларнинг манфаати ётади холос. Ўтириб юзма-юз гаплашиб олишга журъат етмайди, ҳамма гап шунда.

Баъзан оила бўлиб гаплашиб олишга ҳам журъат тополмайди киши, бунинг бари ўзимизни аяшдан. Ўзимга ҳам, мен билан хафалашган инсонларга ҳам журъатли бўлишни тилайман.