10:24 / 24.05.2023
4121

Журналист Эван Гершковични ҳибсга олиш муддати уч ойга узайтирилди

Россияда жосусликда айбланган америкалик журналист камида 30 августгача ҳибсда қолади.

Фото: Reuters

Москванинг Лефортово суди Россияда жосусликда айбланаётган The Wall Street Journal газетасининг америкалик журналисти Эван Гершковични ҳибсга олиш муддатини 30 августгача узайтирди. Бу ҳақда 22 май, сешанба куни “Интерфакс” агентлиги хабар берди.

“Суд терговчининг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини 30 августга қадар узайтириш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирди”, — дейилади судда. Гершкович иши бўйича материаллар махфий бўлганлиги сабабли эҳтиёт чорасини узайтириш бўйича йиғилиш ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.

Лефортово суди матбуот хизмати хабарига кўра, судда журналистнинг Россияга АҚШдан келган ота-онаси иштирок этган, бироқ уларга суд мажлисининг ўзида иштирок этишга рухсат берилмаган. АҚШ Давлат департаменти учрашувда бир элчихона ходими иштирок этганини хабар қилди.

Гершкович апрел бошидан бери ҳибсда. Бу вақт ичида америкалик дипломатларга бир неча бор журналист билан учрашиш учун консуллик рухсати берилмаган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу "россиялик журналистларга визалар берилмаганига жавобан" қилингани билан тушунтирди.

Top