Шавкат Мирзиёев 25 май куни Евросиё иқтисодий кенгашининг 30-йиғилишида видеоалоқа орқали иштирок этди. Ўзбекистон 2020 йилда бу ташкилотда кузатувчи мақомини олганидан буён президент унинг саммитларида доимий равишда қатнашяпти.

Ўзбекистон президенти ЕОИИ доирасида амалга ошириш муҳим бўлган чора-тадбирлар борасида нутқ сўзлади.

«Ўзбекистон ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат сифатида Бирлашма доирасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кўп томонлама тадбир ва лойиҳалардаги фаол иштирокини давом эттирмоқда», деди Шавкат Мирзиёев.

«Биринчидан, савдо муносабатларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, янги ўсиш нуқталари ва имкониятларни излаш бўйича биргаликда самарали ишлар олиб борилди. Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 23 фоизга кўпайди. Барқарор ўсиш суръатлари жорий йилда ҳам кузатилмоқда.

Иккинчидан, биз саноат кооперацияси соҳасида жиддий ютуқларга эришдик. Фақатгина кейинги йилларда юртимизда Бирлашма таркибидаги мамлакатларнинг компаниялари иштирокида устувор тармоқларда юзлаб лойиҳа ва корхоналар ишга туширилди.

Учинчидан, ишбилармонлар ўртасидаги мулоқотни рағбатлантириш учун, жумладан, мамлакатларимиз ҳудудларининг мавжуд салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, самарали платформалар яратилди.

Анъанавий тус олган «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасини бунга мисол сифатида келтирмоқчиман. Апрель ойида ушбу кўргазма учинчи бор Тошкентда муваффақиятли ўтказилди, унда мамлакатларимизнинг икки мингдан зиёд компаниялари иштирок этди. Кўргазма якунлари бўйича умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган инвестиция битимлари ва савдо шартномалари имзоланди.

Тўртинчидан, биз институционал механизмларни мустаҳкамлаяпмиз – Евросиё иқтисодий комиссияси билан яқин ва конструктив ҳамкорликни ривожлантиряпмиз, ЕОИИ органларининг тадбирларида фаол иштирок этмоқдамиз.

Уч йилга мўлжалланган Биргаликдаги ишлар режаси доирасида қонунчиликни халқаро нормаларга уйғунлаштириш, иқтисодиётни тартибга солиш борасида тажриба алмашиш, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича 200 дан зиёд тадбирлар ўтказилди.