«Биз F-16 самолётларига эга бўлсак бу урушда енгиб чиқамиз», — деди 20 май куни Украина ҳарбий ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат. Ўша куни АҚШ расман Европа давлатларига Украинага ўз ихтиёрларидаги F-16 ҳарбий самолётларини етказишга рухсат беражагини ва учувчиларни тайёрлашда иштирок этишини эълон қилди. Ўшандан буён Украина қуролли кучларига F-16 самолётларини етказиб бериш ҳақидаги гап-сўзлар тинмаяпти. Айни пайтдаги бош вазифа — етарли миқдордаги украин учувчиларини зудлик билан бу самолётларни бошқаришга ўргатишдир. 

Украина F-16 самолётларини қачон қўлга киритиши ва жанговар ҳаракатларда уларнинг қандай ёрдами тегиши ҳақида «Важние истории» нашри украиналик ҳарбий эксперт, собиқ учувчи, Украина ҚКнинг захирадаги полковниги Роман Свитан билан суҳбатлашди.

Украина қачон F-16’ларни олади?

Қирувчи самолётларни етказиб бериш муддатлари украиналик учувчилар уларни бошқаришни қанчалик тез ўрганиб олишига боғлиқ.

Шунчаки «кўчадан келиб» самолётни бошқаришга ўрганиш уч-тўрт йил вақтни олади. Лекин Украинада ҳозир МиГ-29, Су-20 ва МиГ-21 каби совет самолётлари, шунингдек, Чехиянинг L-39 самолётларини бошқаришни эплайдиган бир неча юз учувчи бор. Уларни уч-тўрт ой ичида ўргатиш мумкин.

Свитаннинг сўзларига кўра, тажрибали қирувчи учувчи ҳар қандай самолётни бошқара олади.

«Сўнгги 30 йил ичида Украинада айнан қирувчи самолётларни бошқара оладиган юзлаб учувчилар тайёрланди. Совет иттифоқи давридан буён парвоз қилиб юрган етарлича кадрлар бор. Уларнинг барчаси профессионаллар, чунки сўнгги саккиз-ўн йил ичида эски, аҳволи абгор совет самолётларида учишган, бироқ янги шароитларда парвоз қилишган. Агар инсон «Жигули»ни бошқариб юрган бўлса, «Мерседес»ни албатта ҳайдай олади. F-16 самолётларида ричаг ўрнига жойстикни бошқаришни ўрганиш керак, холос. Буни тренажёрда ҳам ўрганиш мумкин. Жойстикни бошқаришни ўрганганингдан сўнг самолётда бир-икки марта парвоз қилиб кўриб, жанговар вазифаларга киришавериш мумкин», — дейди эксперт.