Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний 27 май куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «Ўзимизникини қайтариш вақти келди» сўзлари билан пост қолдирди. Катта эҳтимол билан, бу сўзлар украин армияси анчадан буён ваъда қилинаётган қарши ҳужумни бошлашга тайёрлигини кўрсатади.

Айни вақтда бу амалиёт учун махсус шакллантирилган 20 га яқин бригада олдинги чизиқда шай ҳолатда турганини кўрсатувчи ҳеч қандай маълумот йўқ. Украина қуролли кучларининг сўнгги кунлардаги ҳаракатларини ҳужумга тайёргарлик тадбирлари сифатида қабул қилиш мумкин. Бундай амалиётлардан бири украин разведкасига алоқадор бўлган рус националистлари гуруҳлари Белгород областига бостириб кириши бўлди. Шунга ўхшаш бошқа бир амалиёт Россия томони 20 май куни эгаллаб олинганини эълон қилган Бахмут шаҳри атрофида олиб борилмоқда.

Бахмут

  • «Вагнер» ХҲК 20 май куни шаҳарнинг жануби-ғарбий чиқиш қисмидаги кўп қаватли уйлардан иборат квартални — аҳоли томонидан Самолёт райони ёки Бугор (русчадан таржимада дўнглик) — эгаллаб олганидан кейин, украин қўшини чекинди ва шаҳар чеккасига ўрнашди. Бугорнинг ўзида нималар бўлаётгани охиригача аён эмас: шаҳарнинг жануби-ғарбий чеккасидаги (кўп қаватли уйлардан 300 метр масофада) „Экопродукт“ озиқ-овқат корхонаси биноси Россия кучлари назоратига ўтганини тасдиқловчи факт барибир пайдо бўлмади. Россияликларнинг бу ҳудуддан тарқатган барча видеоларида вагнерчилар ушбу бинодан бир неча юз метр масофада ҳаракатланиши акс этган.
  • Бахмутнинг жанубий ва ғарбий чеккаларида Украина қуролли кучлари позициялари шаҳардаги биринчи уйлардан бир неча юз метр масофада жойлашган. Россия кучлари фронт чизиғини Бахмутдан узоқлаштиришга ҳаракат қиладими, йўқми, буниси тушунарсиз: украин позицияларида олинган видеоларда ўқотар қуроллар ишга тушгани эшитилади, шунингдек украин артиллерияси шаҳар бўйлаб зарба беришда давом этаётгани кўринади.
  • Бахмут фронтида қанотлардан ҳужум қилиш амалиёти сўнгги кунларда тўхтаб қолди — Украина қўмондонлиги бу амалиётни «Бахмутни қуршаб олиш бўйича амалиёт» сифатида тақдим этишга уринганди. Украина мудофаа вазири ўринбосари бу йўналишдаги ҳужумлар тўхтаб қолишини эътиборни бошқа вазифаларни бажаришга қаратиш билан изоҳлаган. РФ қуролли кучлари бу ерга қўшимча захиралар олиб келтирган, украин гуруҳининг мавжуд таркиби эса рақибни шаҳар шимоли ва жанубидаги тепаликлардан суриб чиқариш учун етарли даражада кучли эмас. Ҳозирча Украина қуролли кучлари артиллериядан ўт очишни фаоллаштирмоқда ва РФ қуролли кучларининг Бахмут йўналишидаги фронт орти позицияларига камикадзе дронлар билан ҳужум қилмоқда. Ҳужумларни давом эттириш — агар украин қўмондонлиги уни зарур деб топса — янги кучларни, жумладан, ғарб танклари ва зирҳли машиналари билан тўлдирилган 20 бригададан ҳам бўлинмаларни жалб этишни талаб этади.