2022 йилнинг 24-25 феврал кунлари Олмалиқ кон металлургия заводидан иккита юк машинасига 22 тоннадан мис юкланади ва машиналар Туркиянинг Денизли шаҳрига қараб йўл олади. Дастлаб Грузия довони орқали ўтиши керак бўлган ҳайдовчилар, довон берк бўлгани учун айланма йўлдан кетишга мажбур бўлади. Шунинг ҳисобига Туркияга кириб бориш чўзилиб қолиб, машиналар 29 март куни кечки пайт 19:00лар атрофида Туркиянинг Бурса шаҳрига кириб боради. Шу вақтдан бир неча соат ўтиб, машина олдини талончилар тўдаси тўсиб қўяди.
“30 март куни тунги соат 12лар атрофида қуролли ҳужумга учрадик, манзилга етишимизга 300 км чамаси қолганди ҳамки, 4та машинада 15та қуролланган, юз-кўзлари ўралган шахслар ҳужум қилишди. Машинамизга ўқ отишди. Ва тўхташга мажбур бўлдик. Ҳайдовчилар 3 киши эдик. Юкларимизни олиб қўйиб, машиналаримизни ўзлари ҳайдаб кетишди. Бунақа вазиятда ўзингни эмас, ортингда қолган оилангни ўйлар экансан. Улар кутади. Бор-йўғингни билмайди”, – дейди шу воқеа жабрдийдаларидан бўлган Пўлатхўжа Мамадалиев.
Шундан кейин ҳайдовчиларни енгил машиналарга миндириб Ҳопа ҳудудидаги тоғли жойга олиб боришади. Ҳайдовчининг айтишича, қароқчилар уларни ўлдириб юбормоқчи бўлган. Лекин машиналарида GPS борлигини билиб қолгач, фикрларидан қайтишган.“Бизни қўлга олишганда, кимдир уларга қўнғироқ қилиб машинамизда GPS борлигини айтиб қолди. Шундан кейин бизни яна қаергадир тахминан 250 кмча узоқликдаги уйга олиб бориб қамаб қўйишди. У ерда бир кун ушлаб туришди ва ундан кейин бошқа уйга олиб боришди. У ерда бизни 4-5 киши қўриқлаб турди”, – дейди Пўлатхўжа.
Ҳайдовчилар бу ерда 5 кун ушлаб турилгач, уларни чегарагача олиб бориб, чиқиб кетишни айтишади. “Машиналардан юкларни олиб бўлишгач, бизга Туркиядан тез чиқиб кетишимизни айтишди. Ортингиздан чегарагача кузатиб борамиз, ҳеч қаерда тўхтаманглар, дейишди. Ростдан ҳам чегарагача 2 машина қуролланган йигитлар кузатиб келди. Тўхтаб полицияга хабар беролмадик. Телефонларимизни ҳам олиб қўйишганди. Нима қилишни билмасдик”, – дейди ҳайдовчи.
Лекин чегарада божхона ходимлари ҳайдовчиларни ўтказмайди. Чунки улар ўзлари билан юкни манзилга олиб бориб бергани ҳақидаги ҳужжатни тақдим қилишлари керак бўлган. Уларда эса ҳужжат йўқ эди. Шундан кейин ҳайдовчилар бошидан ўтказганларини чегарадагиларга айтиб беришади. Ҳолатни прокуратура ўрганиб, ўғрилар топилгач, ҳайдовчиларга Туркиядан чиқишга рухсат берилишини айтишган. “















