Украина армияси кузги қарши ҳужум операцияси давомида Харкив ва Херсон областларида муваффақият қозонганидан сўнг, бутун дунё воқеаларнинг кейинги ривожини кутган ҳолда донг қотди.

Россия ва Украина қишки паузадан турли мақсадларда фойдаланди.

Кремл Украинанинг энергетика инфратузилмасини йўқ қилиш учун ракета террорини уюштирди.

Киев эса, ўз навбатида, мудофаа чизиғини кучайтириш, янги ҳарбий қисмларни тайёрлаш, Ғарб қуролларини олиш ва захирани кўпайтиришга эътибор қаратди.

Украина мудофаа вазирлигининг разведка бошқармаси бошлиғи, генерал Кирилл Буданов айтганидек, ҳар икки томон баҳорга қадар «ҳал қилувчи қарама-қаршилик»ка тайёрланиши керак эди.

Қарши ҳужумнинг эълон қилиниши

Украинанинг бош разведкачиси Кирилл Буданов йил бошидан буён амалда ҳар интервюсида Украинанинг бўлажак қарши ҳужуми ва баҳордаги «ҳал қилувчи жанглар» ҳақида гапириб келади. Фото: Reuters

Разведка бош бошқармаси анонс қилинган қарши ҳужум мавзусида ҳукуматнинг деярли асосий жарчисига айланди.

Январ ва феврал ойларидаёқ генерал Буданов баҳор фаслига режалаштирилган «муҳим воқеалар» ва бу даврдаги Украина қуролли кучларининг фаол ҳаракатлари ҳақида баёнот берди.

2023 йил март ойи бошида USA Today телеканалига берган интервюсида Буданов «бу баҳорда Украина ва Россия ўртасидаги уруш натижасини белгилаб берувчи ҳал қилувчи жанг юз беради», деганди.

Унинг прогнозларига кўра, Украина қуролли кучлари ёзгача оккупация қилинган Қримга ҳам кириши керак эди.

2023 йил апрел ойи ўрталарида ҳарбий разведка раҳбари «Новое время» журналистларига берган интервьюсида қарши ҳужумга тайёргарлик «режа бўйича кетаётгани»ни таъкидлади.

Худди шу вақтда Украина бош вазири Денис Шмигал The Hill нашрига Украина қўшинларининг қарши ҳужуми баҳорда эмас, ёзда бошланиши мумкинлигини маълум қилди.

Ҳарбий экспертлар фикрига кўра, баҳор фасли боши ҳақиқатан ҳам кенг кўламли ҳарбий манёврлар учун қулай давр эмасди. Март ва апрел ойларида Украина шарқи ва жанубида кучли ёмғир ёғди ва йўллар лойланди, бу эса оғир зирҳли техникалар ҳаракатига тўсиқ бўлди.