Жаҳон | 12:34 / 05.06.2023
5721
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистондаги темирйўл ҳалокати сабаби - сигнализация тизимидаги нуқсон

Ҳиндистон темирйўл вазири Одиша штатида камида 288 кишининг ҳаётига зомин бўлган поездлар тўқнашуви сабабларини айтди.

Фото: Reuters

Ҳиндистон ҳукуматига кўра, мамлакат шарқидаги Одиша штатида поездлар ҳалокатига электрон сигнализация тизимининг носозлиги сабаб бўлган. Ҳиндистон темирйўл транспорти вазири Ашвини Вайшнав 4 июн, якшанба куни тергов жараёнини изоҳлар экан, икки кун аввал содир бўлган фожианинг бу сабабини батафсил тафсилотларни келтирмасдан айтди. “Биз ҳодиса сабабларини ва айбдорларни аниқладик”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган ANI агентлиги.

Вазирнинг сўзларига кўра, қўшимча тафсилотлар тергов бўйича якуний ҳисобот эълон қилинганидан кейингина маълум бўлади.

2 июн оқшомида Одиша штатида поездлар тўқнашуви оқибатида камида 288 киши ҳалок бўлди, 900 дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу Ҳиндистонда сўнгги 20 йилдаги энг йирик темирйўл ҳалокатидир. Мамлакат ҳукуматининг расмий баёнотида айтилишича, Калкуттадан Ченнайга кетаётган тезюрар "Коромандел экспресс" поезди Баласор шаҳри яқинида релсдан чиқиб кетган. Худди шу ҳудудда SMVB-HWH Superfast Express Ғарбий Бенгалияга кетаётганда релсдан чиқиб кетди.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади. Унинг сўзларига кўра, у темирйўл транспорти вазири Ашвини Вайшнав билан ҳам суҳбатлашган.

Мавзуга оид