17:52 / 06.06.2023
31228

Тошкентда яна электробус ва енгил автомобил иштирокида ЙТҲ юз берди

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида енгил автомобил ҳайдовчиси вафот этди. У светофорнинг қизил чироғида ўтиб ҳаракатланган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

6 июн куни соат 15:20 ларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Дўрмон йўли - Ғазалкент кўчалари кесишган чорраҳада, Yutong русумли электробус ҳамда Cobalt русумли автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

ЙТҲ оқибатида Cobalt автомашинаси ҳайдовчиси шифохонада вафот этган. Шунингдек, енгил машинанинг жароҳатланган бир йўловчиси  шифокорлар назоратида қолмоқда.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати ҳам ушбу йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан расмий маълумот берди.

«Жорий йилнинг 6 июн куни соат 15:20 ларда, Мирзо Улуғбек туманидаги Дўрмон йўли ва Ғазалкент кўчалари кесишмаси олдида 89-сонли «Қорасув1-даҳаси - Чорсу АШБ» йўналишда ҳаракатланаётган, Yutong русумли электробус (ҳайдовчи 31.01.1958 й.т., Ломанов Сергей Алексеевич) Дўрмон йўли кўчасидан ҳаракатланиб келиб, Ғазалкент кўчасига чорраҳадан чапга бурилаётган вақтда, Дўрмон йўли кўчаси бўйлаб Тоҳир Малик кўчаси кесишмаси томонга ҳаракатланган Cobalt  русумли автомобил (ҳайдовчиси 2003 й.т. Якубов Фазлиддин Шодмон ўғли) светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига ҳаракатланиб келиб электробуснинг олд ён қисмига тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган», дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

  • 5 июн куни ҳам Тошкентда Malibu-2, Lacetti ва электробус иштирокида ЙТҲ содир бўлганди.
Top