Вайрон бўлган тўғон. Фото: IMAGO / R4924_italyphotopress / Global Look Press

Украина томони тўғонни рус ҳарбийлари, айнан РФ ҚКнинг 205-мотоўқчи бригадаси портлатган, деган даъвони илгари сурмоқда. Киевдагилар тўғонни миналаштириш бўйича асосий ишларни россияликлар ўтган йилнинг баҳорида — станция эгалланган чоғдаёқ амалга оширишгани, аммо портлатишни Украина қарши ҳужумга киришаётган ҳозирги кунларда атайлаб амалга оширишганини таъкидлашмоқда. Россия версиясига кўра, тўғон «Украина жанговар бўлинмалари томонидан амалга оширилган жинояткорона ҳаракатлар натижасида» йўқ қилинган.

Турли таҳлилчилар эса Каховка сув омборида сув сатҳи ниҳоятда кўпайиб кетгани туфайли зарарланган тўғон ўзи дош беролмасдан, бузилиб кетган бўлиши мумкин, деган тахминни ҳам илгари суришмоқда.

Журналист Фарида Курбангалеева ҳарбий эксперт Ян Матвеев билан тўғоннинг ўпирилиши кимнинг фойдасига ишлаши ва унинг йўқ қилиниши оқибатлари қандай бўлиши ҳақида суҳбатлашди.

— Каховка ГЭСи тўғонини портлатиш кимнинг фойдасига ишлайди?

— Бундай олиб қараганда, бу ҳеч кимнинг фойдасига ишламайдигандек кўринади. Чунки ҳар икки томон назорати остидаги ҳудудларни сув босмоқда. Тинч ва ҳарбий фуқароларни эвакуация қилиш муаммоси пайдо бўлади. Бу ҳолда Россия оккупацияси остидаги сўл қирғоқни кўпроқ сув босади, демак уларнинг позицияларини ҳам. Юмшоқроқ қилиб айтганда, бу ҳол ҳаммага ноқулайлик олиб келади.

Бироқ, Украина нуқтайи назарига кўра, гарчи тўғон зарарланган бўлса ҳам, уни ҳудуд озод қилинганидан сўнг тиклаш мумкин эди. Вайрон қилинган қисмларни таъмирлаб, яна электр энергияси ишлаб чиқариш эҳтимоли бор эди. Бу — биринчидан. Иккинчидан, уруш шароитларида у ердан кўприк сифатида фойдаланиш мумкин эди. Ҳа, унгаям анча зиён етган, Россия қўшинлари ноябр ойида чекинаётиб, уни портлатишганди. Лекин буткул зарар етказилмаган, уни таъмирлаш мумкин эди.

Антонов кўпригини тезда таъмирлаб бўлмайди, шу сабабли украиналиклар Днипрони кечиб ўтишда беқарор, ноқулай, осонгина ўққа тутиш мумкин бўлган баржалардан ёки понтон кўприклардан фойдаланишга маҳкум эди. Яъни, уларга ҳар қандай ҳолатда тўғон бутун бўлиб тургани манфаатли эди ва уни бузишга зарурият бўлмаган. Айниқса, улар қарши ҳужум билан ҳудудларни озод қилишни режалаштираётгани ҳисобга олинса.

Биз Россия томонидан Днипро дарёсининг ғарбий қирғоғига яна бостириб ўтиш бўйича ҳеч қандай режаларни кўрмаётгандик. Бундай режага эҳтиёж ҳам йўқ эди — бунинг учун уларнинг ортиқча кучи ҳам йўқ.