Украинанинг Каховка гидроэлектр станцияси (ГЭС) бутунлай сув остида қолди. Киев баёнотига кўра, 6 июнга ўтар кечаси россиялик ҳарбийлар тўғонни портлатиб юборган. «Жануб» мудофаа кучлари расмий вакили Наталя Гуменюкнинг сўзларига кўра, портлаш Украина қуролли кучларининг қарши ҳужумини тўхтатиш умидида қилинган. «Улар сув сатҳи майдонини оширишга ва Украина мудофаа кучларига дарёни кечиб ўтишга имкон қолдирмасликка уринмоқда», деди у. Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам шундай фикрда.

2022 йил 20 октябрида Украина президенти Володимир Зеленский Европа кенгашида нутқ сўзлаб, россияликлар ГЭС тўғони ва агрегатларни миналаштираётгани, теракт учун «ҳамма нарсани тайёрлаб қўйгани»ни айтган эди. Шу билан бирга, у агар рус қўшинлари ГЭС тўғонини портлатса, «бутун дунёга уруш эълон қилиши» сифатида баҳоланишини маълум қилганди.

«Бу ҳарбий устунлик бериши даргумон»

Фото: Telegram / ROMAN_MROCHKO

Украиналик ҳарбий эксперт Олексий Хетман Каховка ГЭС тўғонини портлатишда ҳарбий маъно борми ва бу Украина армиясининг ҳужум қилиш қобилиятига таъсир қиладими, шулар ҳақида тушунтирди.

— «Укргидроэнерго» компанияси хабарига кўра, Каховка ГЭС бутунлай вайрон бўлган ва уни қайта тиклаш мумкин эмас. Уни вайрон қилишда ҳарбий маъно борми?

— Ҳаммаси аниқ. Улар қирғоқларни, шу жумладан, чап қирғоқни сувга бостирмоқчи. Улар Херсон ҳудудидан ҳужум бўлишини кутмоқда. Улар асосий зарба шу жойда бўлиши, биз Днипро дарёсини кечиб ўтишимиз ҳақида ўйлашган. Ва гидроэлектр станциянинг портлаши, ўнг қирғоқ сув остида қолиши, руслар нуқтайи назаридан, улар кутганидек, Херсон яқинида ҳужумни қандайдир тарзда тўхтатиб қўйиши ёки ҳатто имконсиз қилиши мумкин.

Биз қаерга ҳужум қиламиз – буни фақат ҳарбий-сиёсий раҳбариятимиз билади. Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Данилов айтганидек, ҳужумимиз қандай бўлишидан дунёда фақат беш киши хабардор. Аммо улар эҳтиёт чорасини кўришга қарор қилишган. Менимча, улар ҳужумимизни кутиб қўрқиб кетишди.

Умуман олганда, бу қўшинларимизни тўхтата олмайди, сув сатҳи тезда пасаяди. Прогнозларга кўра, сув оқими 20-40 соат ичида тўхтайди, у ердаги сувлар оқиб кетади. Каховка ГЭС баландлигидаги фарқлар тахминан 16 метрни ташкил этади, сув тошқини бўлади. Қайси аҳоли пунктларини сув босиши мумкинлиги аллақачон айтилган. Аммо глобал сув тошқини бўлмайди. Сув бир неча кундан кейин қайтади. Бу ҳарбий устунлик бериши даргумон – эҳтимол бир неча кунга бериши мумкин. Экологик оқибатлар эса жуда оғир бўлади.