Кейинги ҳафталарда Ўзбекистон ахборот майдонида ички ишлар ходимлари томонидан гумондор сифатида қўлга олиниб, сўроқлар даврида вафот этган ватандошлар ҳақида бир неча хабарлар тарқалди.
Ўтган ҳафта, мисол учун, пойтахтнинг Чилонзор тумани ички ишлар бўлими томонидан қўлга олинган 21 ёшли сурхондарёлик Ҳафизулло Турғунбоевнинг жасади чиқди. Расмийларнинг айтишича, Ҳафизулло тўртинчи қаватда жойлашган ҳожатхонага бориб келишга изн сўраган ва қочмоқчи бўлиб, деразадан ўзини ташлаган ва ҳалок бўлган. Лекин жамоатчилик бу гапларга ишонгани йўқ. Аксинча, ИИБ берган маълумотларга шубҳалар кучайиб бормоқда.
Ёки, шу кунларда Бўка тумани ИИБ тергов бўлимида 1989 йилда туғилган У.С. исмли яна бир ватандошимиз вафот этган. Бу ўлим аниқ қийноқлар асосида бўлганини прокуратура текширувлари тасдиқлади.
2016 йилга қадар, нолегитим ҳибсга олишлар, таъқиблар ва қийноқлар – давлат сиёсати эди. У даврда жамоатчилик тафаккурини, инсонларнинг шуурини қўрқув билан бойитиш – ўша маъмуриятнинг вазиятни назорат қилиш борасидаги сиёсий технологияси эди. Лекин, бу бошқарув модели, Ўзбекистонни дунё ҳамжамияти олдида шарманда қилди, минтақада давлатнинг лидерлик мақомига жуда катта зарба берди, мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий ривожига катта тўғаноқ бўлди.
2016 йилдан кейин ҳам, куч ишлатар тизимлари томонидан нолегитим қийноқлар ва таъқиблар кузатилмоқда, лекин кейинги йилларда Ўзбекистон давлатчилигида муҳим нарса кузатилди – рационализм.
Иккинчи маъмурият, рационализмдан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг комплект манфаатлари йўлида, нолегитим репрессив машинадан воз кечди. Ҳокимият ҳуқуқий давлатчилик томон ҳаракат қилмоқда. Лекин халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ҳуқуқий давлатчилик – бу фақат сиёсий ирода эмас. Ҳуқуқий давлат қуриш учун, албатта, кучли сиёсий ирода керак. Лекин ундан ташқари жуда катта уринишлар, интилишлар ва тажрибаларни ўзлаштириш керак бўлади.
Мисол учун, кўплаб ҳуқуқий давлатларда, инсон ўзи туғилиб ўсган аҳоли пунктида полициячи бўлиб ишлаши мумкин эмас. Чунки, у маҳаллий аҳолини яхши танийди, шу сабаб қонунлар ижроси борасида таниш-билишчилик қилиши ёки ўзининг душманларига нисбатан нохолис ёндашиши эҳтимоли юқори.
Қолаверса, бошқа жойга юборилган полициячи, ҳеч бир аҳоли пунктида 5 йилдан ортиқ хизмат қила олмайди. Чунки 5 йил мобайнида у маҳаллий аҳоли билан танишиб, ўзаро муносабатлар шаклланган бўлади.
Яна, ҳуқуқий давлатларда полициячилар ҳеч қачон бир ўзи хизмат юзасидан юриши мумкин эмас. Камида 2-3 киши бўлиб юриши, уларнинг кийимидаги камералар ёниқ бўлиши керак. Сабаби, бир томондан хавфсизлик, иккинчи томондан 2-3 полициячи, бирон бир операцияни амалга оширмоқчи бўлса, совуққонлик билан ўзаро маслаҳатлашиб олишлари ва бу ишлар кодексга мослигини текшириб олишлари керак бўлади.















