Терговдаги қийноқлар – охирги бир нечта ҳафталардаги дайжестларимизнинг доимий мавзусига айланиб қолди. Афсуски, бундай нохуш ҳолатларнинг яна бири ўлим билан якун топди. Навбатдаги фожиа 3 июн куни Тошкент вилоятининг Бўка тумани ички ишлар бўлимида рўй берди.

Шу куни ўғриликда гумонланиб ушланган 36 ёшли эркак аввалига махсус тергов хонасида, камера қаршисида кўрсатма берган, кейин эса бошқа хонага олиб чиқилиб, бошқа бир жиноятга алоқадорлиги бўйича сўроқ қилинган. Ана шу иккинчи сўроқ пайтида қийноққа солингани айтилаётган фуқаро, шу куннинг ўзида, шифохонада жон берган.

Дастлабки экспертиза хулосасига кўра, марҳумнинг кўкрак ва қорин соҳаларига зарба берилган, бўйнидан бўғиб қийноққа солинган. Натижада эркакнинг қовурғаси синган, ички аъзоларига қон қуйилган. Интернетда унинг яқинлари Бўка тумани ИИБ биноси олдида тўплангани акс этган видео тарқалди. Ёлланма ишчи бўлиб ишлаган фуқаронинг 4 нафар фарзанди етим қолди.

Воқеа бўйича тергов бўлимининг икки нафар тезкор ходими ишдан бўшатилиб, қамоққа олинган. Расмийларга кўра, улар жиноий қилмишини бўйнига олмаган. Ҳолат бўйича Бўка туман ИИБ бошлиғи, унинг биринчи ўринбосари, жиноят-қидирув бўлими бошлиғи, тергов бўлими бошлиғи ва навбатчилик қисми масъул ходими ҳам лавозимларидан олинган.

Воқеа жамоатчиликни жунбишга келтирди, бу каби ноинсоний қийноқлар муттасил давом этаётгани фаолларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлди. Биздаги ҳисобларга кўра, охирги 1 йил ичида камида 6 фуқаро ички ишлар органига олиб келиниши ортидан вафот этди. Бу – фақат кенг оммага маълум бўлганлари. Ёпди-ёпди қилиб юборилган ҳолат, аввалги йиллардаги ўлимлар ва шафқатсиз қийноқдан тирик чиққанлар бу саноққа киритилмаган.

Ўртача ҳисобда ҳар икки ойда битта ўлим рўй бериб турган тизимнинг раҳбари, агар бошқа давлатда бўлганида, аллақачон ўз хоҳиши билан ишдан кетган бўларди. Бизда эса, шунча воқеадан кейин ҳам ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов қийноқлар масаласида ҳисоб бериш учун бирор марта парламентга ҳам чақирилмади. Омма олдига чиқиб шахсан изоҳ бериш, матбуот анжумани ўтказиб, саволларга жавоб қайтариш, марҳумларнинг яқинларига таъзия билдириш каби нормал давлатлардаги одатлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.

Бу қон тўкилишлари бўйича тизимнинг энг биринчи раҳбарлари шахсан жавоб бериши керак, деган фикрни билвосита бўлса-да илгари сураётган расмийлар ҳам йўқ эмас. “Юксалиш” ҳаракати Бўкадаги воқеадан кейин қийноқларга барҳам беришга қаратилган 10 та таклиф билан