Ҳозир Украинанинг Херсон областида 32 та аҳоли яшаш манзилидаги 3,6 мингдан ортиқ уй сув остида қолган. Сув сатҳи пасаймоқда, лекин жуда секин. Сув босган шаҳарларда ҳали ҳам одамлар ва жониворлар бор.

Тўғондан тепароқда жойлашган ҳудудлар эса, аксинча, сув омборларининг тўлишини кутмоқда. Айрим шаҳарларда сув муаммоси аллақачон бошланган.

Ва булар Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлишининг энг аниқ экологик оқибатлари. Улардан кўпчилиги яқин йилларда ўзини намоён қилади, дейди олимлар.

Экин майдонлари ўрнига чўл

«Каховка ГЭС тўғони бузилиши сув омборининг суви камайишига олиб келади. Ва бу, ўз навбатида, Днипропетровск, Херсон ва Запорижжия областлари далаларидаги ўттиздан ортиқ суғориш тизимларига сув таъминоти тўхтатишига сабаб бўлади», дея хабар берган Украина Аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазирлиги.

Вазирлик маълумотларига кўра, урушдан олдинги сўнгги йилда, яъни 2021 йилда ушбу тизимлар 584 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш имконини берган. Бу жуда катта ҳудуд, 2021 йилда бу ерлардан умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард долларга тенг 4 миллион тонна ғалла ва мойли ўсимликлар йиғиб олинган.

Бироқ оқибатларини баҳолаш фарқ қилади. Масалан, Швеция қишлоқ хўжалиги фанлари университети географи Браян Конс BBC нашри билан суҳбатда сув омборидан чиқадиган каналлар тармоғи кичикроқ майдонни — Херсон ва Запорижжия областларидаги 200 минг гектарга яқин ерни суғоришини тахмин қилган. «Ва мен айтган бўлардимки, бу ҳажмдаги ернинг катта қисми салбий таъсир остида қолиши мумкин», деган Конс.

«Херсон ва Запорижжия областларида асосий экинлар экиладиган барча экин майдонлари 600-700 минг гектарни ташкил этади. Бу экинлар орасида буғдой, маккажўхори ва камроқ ҳажмда арпа бор», дейди Россиянинг «СовEкон» таҳлилий маркази раҳбари Андрей Сизов.

Украина аграр вазирлигининг таъкидлашича, Каховка ГЭСнинг вайрон бўлиши оқибатида «Украина жанубидаги далалар келгуси йилдаёқ чўлга айланиши мумкин».

Браян Конс бу баҳолашни адолатли деб ҳисоблайди ва буни Шимолий Қрим билан содир бўлган ҳодисага қиёслайди. Шимолий Қрим каналининг ёпилиши (бу 2014 йилда яриморол Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин юз берган) қишлоқ хўжалигига катта таъсир кўрсатган: ландшафт ва етиштирилиши мумкин бўлган экин турлари ўзгарган.