Кривой Рогдаги беш қаватли уйга ракета зарбаси берилди. Қурбонлар сони ўсмоқда
13 июнга ўтар кечаси Россия Украинага яна бир бор ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Днипропетровск областининг Кривой Рог шаҳрида беш қаватли турар жой биноси ва корхона ҳудудига ракета келиб тушди. Маҳаллий расмийлар қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида хабар бермоқда. Россия ҳарбийлари деярли ҳар куни Украина бўйлаб, жумладан пойтахт Киевга ҳам шу каби зарбалар йўлламоқда.
Кривой Рогдаги ракета зарбаси қурбонлари сони 11 нафарга етган, бу ҳақда Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак маълум қилди.
Губернаторнинг ёзишича, етти кишининг жасади хусусий корхона харобалари остидан чиқариб олинган, у ерда ҳудудни тозалаш ишлари давом эттирилмоқда. Тўрт киши беш қаватли турар жой биносига зарба оқибатида ҳалок бўлган. Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Вилкул яна 28 киши турли даражада тан жароҳатлари олгани ҳақида хабар қилган. 14 июн куни Кривой Рогда Мотам куни эълон қилинган.
Тонгда Лисак ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари шаҳар устида учта қанотли ракета уриб туширилгани, шу билан бирга ракеталар келиб урилгани ҳақида ҳам хабар берганди.
«Беш қаватли бино вайрон бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, у ерда яшовчи уч киши ҳалок бўлган. 25 киши яраланган, улардан 19 нафари - шифохонада», дея ёзган Лисак ўз телеграм-каналида ва вайрон бўлган уй суратларини намойиш этган.
Лисакнинг ёзишича, ракета келиб урилиши оқибатида биринчи қаватдан бешинчи қаватгача жойлашган квартиралар ёниб кетган, аланга 700 квадрат метр майдонни қамраб олган.
Губернатор эса бошқа фуқаролик объектлари ҳам шикастлангани тўғрисида хабар берди. «Хусусий корхонада уч киши жабрланган. Улар шифохонага жойлаштирилган. Катта эҳтимол билан харобалар остида одамлар қолиб кетган. Қутқарувчилар уларни қидиришмоқда», дея ёзган у.
Украина энергетика вазирлиги кейинроқ зарбалар оқибатида Кривой Рог ИЭС шикастлангани, натижада учта кон электрсиз қолгани ҳақида хабар қилди.
Президент Володимир Зеленский ўзи туғилиб ўсган шаҳарга йўлланган зарба юзасидан муносабат билдириб, беш қаватли уй ёнаётгани акс этган видеони намойиш этган. У Россия «турар жойлар, оддий шаҳарлар ва одамларга қарши уруши»ни давом эттираётганини қайд этган. Зеленский «улар ҳар бир ракета учун жавоб бериши»ни ваъда қилган.
Украина қуролли кучлари бош штаби эрталаб Россия тунда Украинага ракета ва дронлар билан ҳужум қилгани, дастлабки маълумотларга кўра, авиациядан учириладиган 14 та Х-101/555 қанотли ракеталари йўллангани, улардан 10 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали йўқ қилингани ҳақида маълумот берганди. Шунингдек, украин ҳарбийлари тўртта Shahed дронларидан фақат биттасини уриб туширишнинг имкони бўлганини хабар қилишган.
Украина ҚК ҳаво кучлари аниқлик киритишича, Кривой Рогга олтита Х-101/555 ракетаси йўлланган.
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам ушбу ҳужумга муносабат билдириб, тинч аҳоли орасидаги ўлимларнинг олдини олиш учун Украинага кўпроқ қурол ва НАТОдан ҳимоя кафолати кераклигини таъкидлади.
Россия мудофаа вазирлиги ва Кремл ҳозирча ракета ва дронлар билан уюштирилган навбатдаги ҳужум тўлқини юзасидан изоҳ бермади, бундай ҳужумлар Украина учун деярли ҳар кунлик таҳдидга айланиб бормоқда.
Россия президенти бир кун олдин фуқаролик объектларига зарбаларга йўл қўйиб бўлмаслиги, бундай зарбалар Россия томонидан эмас, фақат Украина томонидан йўлланаётгани ҳақида ёлғон даъво қилганди.
«Нима учун, мен ҳеч қанақасига тушуна олмаяпман, нима учун душман турар жойлар бўйлаб зарбалар бермоқда. Нима мақсадда? Нега? Бундан маъно нима? Очиқчасига инсонпарварлик объектлари бўйлаб [зарба йўллашмоқда]. Бунинг нима кераги бор? Ҳеч қандай ҳарбий маъно йўқ - бу нолга тенг», - деганди Путин Кремлда давлат мукофотлари лауреатлари билан учрашувда.
Мавзуга оид
09:22
Украиналик фаоллар яна Навалнаянинг нутқини тўхтатишга уринди
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024