Путин Украинадаги уруш, Каховка ГЭС, сафарбарлик, хусусий ҳарбий компаниялар, ғалла битими каби саволларга жавоб қайтарди. Унинг жавобларидан қисқа иқтибослар келтирамиз. 

Украинадаги «махсус ҳарбий операция» мақсадлари ўзгарганми ёки йўқлиги ҳақида

«Йўқ. Умуман олганда улар вазиятга мос равишда ўзгариб туради, лекин ҳозир биз ҳеч нарсани ўзгартирмаймиз ва улар биз учун фундаментал хусусиятга эга». 

Ғарб томонидан «қизил чизиқлар»нинг кесиб ўтилишига Россия жавоб бермаётгани ҳақида

«Махсус ҳарбий операция ўтказишнинг ўзи «қизил чизиқлар» кесиб ўтилишига жавоб эмасми? Бу энг муҳим нарса. Биз кўп марта айтдик: бундай қилманг, шундай қилайлик, биз музокараларга тайёрмиз. Охир-оқибат улар бизни 2014 йилда бошланган урушни қуролли йўллар билан тўхтатишга уринишга мажбур қилишди. 

Улар бизга «сиз урушни бошладингиз, Путин — тажовузкор» демоқда. Йўқ, уларнинг ўзи босқинчи, улар бу урушни бошлади, биз уни тўхтатишга ҳаракат қилмоқдамиз, лекин буни Қуролли Кучлар ёрдами билан қилишга мажбурмиз. Бу «қизил чизиқлар» кесиб ўтилишига жавоб эмасми? 

Украина энергетика тизимига зарба бериш «қизил чизиқлар» кесиб ўтилишига жавоб эмасми? Украина Қуролли Кучлари Бош разведка бошқармасининг Киев яқинидаги штаб-квартирасининг амалда йўқ қилиниши - бу жавоб эмасми? Биз нишонларни танлаб оламиз. Улар қилган ишни қилмаймиз, бу аҳмоқлар фуқаролик объектларига, турар жойларга зарба бермоқда, биз буни қилмаймиз. Нишонларга танлаб-танлаб зарба берамиз». 

Украинанинг қарши ҳужуми ҳақида 

«Бу олдиндан тайёрланган захиралардан фойдаланган ҳолда қилинаётган кенг кўламли қарши ҳужумдир. Тўртинчида (июнда) бошланди ва ҳозиргача давом этмоқда… У стратегик захиралардан фойдаланиш орқали бошланди ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Биз бу ерга йиғилиб, муҳокама қилаётганимизда, бир неча йўналишда жанг кетмоқда. Аммо душман ҳеч бир ҳудудда муваффақият қозона олмади». 

Россия армиясининг йўқотишлари ҳақида 

«Украина катта йўқотишларга учраяпти. Бунинг учун Худога шукур айтамиз. Улар шахсий таркибдаги йўқотишлар бўйича фалокатли кўрсаткичга яқинлашмоқда. Йўқотишлар санитар бўлиши ёки қайта тикланмас бўлиши мумкин. Одатда тикланмайдиган йўқотишлар 25 фоизни ташкил қилади, максимал 30 фоизни. Уларда 50 фоизгача. Бизнинг йўқотишларимиз Украина Қуролли Кучлари йўқотишларидан 10 баравар кам. Шахсий таркиб бўйича йўқотишларимизни айтиб ўтирмайман, буни Мудофаа вазирлиги айтсин. Улар ҳисоблаб боради».