Олимларнинг фикрича, яқин беш йил ичида дунё мамлакатлари саноатлашиш давридагидан 1,5 градусга ортиқроқ бўлган янги ҳарорат рекордларига дучор бўлади. 

2015 йилда Париж шаҳрида имзоланган иқлим бўйича битимига кўра, жаҳон мамлакатлари саноатлашиш даврига нисбатан глобал ҳароратни 1,5°Cдан оширмасликка келишиб олган. Олимларга кўра, бу чегарадан ўтиш фалокатли ва қайтариб бўлмас оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти баҳорда иқлим ўзгариши сабаб Ер сайёрасининг исиб бораётгани ўта жиддий хатар экани ҳақида иқлим ҳисоботини эълон қилди.

Вақт кам қолган

Ҳисоботда айтилишича, гарчи глобал ҳарорат 1,5 даражадан кўпроқ исиб кетмаслигига эришишнинг ҳали ҳам имкони бўлса-да, бу илинж узоққа бориши даргумон. Сабаби Ер сайёрасининг исишига асосий сабабчи бўлган чиқинди газлар ажралиб чиқиши шиддат билан ўсиб боряпти. Ўтган йили атмосферага кўтарилган чиқинди газлар кўрсаткичи қарийб 1 фоизга кўпроқ бўлган.

Атмосферадаги углерод газлар миқдори сўнгги 2 миллион йилдаги энг юқори кўрсаткичга етиб бўлган, ҳаво эса охирги ярим асрда 2 минг йил давомидаги энг юқори исиш нуқтасига етди.

Иқлим инқирози камбағал ва заиф давлатларга кўпроқ юк бўляпти. Энг ёмони, улар иқлим муаммоси шаклланишига ҳисса қўшишмаса ҳам жабр тортишяпти.

"Бизнинг сайёрамиз аллақачон жиддий иқлим муаммоларига дуч келяпти. Жазирама иссиқ, фалокатли бўронлардан тортиб қурғоқчилик ва сув танқислигигача реал вазиятга айланди", дейди Дунё ресурслари институти раҳбари Ани Дасгупта.

Жавобсиз қолаётган огоҳлантиришлар

Лекин шунча муаммоларга қарамай инсонлар иқлим муаммосини ўзлари катталаштиришда давом этяпти.

Иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган энг катта таҳдид ёқилғиларни ишлатишда давом этиляпти. Ёқилғилардан дунёнинг 80 фоиз аҳолиси фойдаланади. Ва энг ёмони, ёқилғи сайёрамиз исиб кетишига 75 фоиз миқдорда таъсир қилувчи омил ҳисобланади.