Наманганлик йирик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев 12-15 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, шафқатсизларча қийноққа солингани айтилганди.

6 май куни Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, Дилшод Тўрахўжаев билан учрашган. Суҳбат давомида тадбиркор ўзига нисбатан Поп тумани ИИБда ва кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББда руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини маълум қилган, қийноқлар натижасида айбига иқрор бўлганини маълум қилган.

“Шу куннинг ўзида Д.Тўрахўжаевнинг қийноққа солинганлиги ҳолати юзасидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини таъминлаш юзасидан Бош прокуратурага Омбудсман талабномаси киритилган эди.

Ҳозирда прокуратура органлари томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари якунланмагани сабабли, Омбудсман талабномасига якуний жавоб тақдим этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсманнинг тергов-суриштирув ҳаракатларини ўтказиш ваколати йўқ. Омбудсманга юборилган қийноққа оид мурожаатлар Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ ўрганиб чиқиш ва тегишли чора кўриш бўйича Бош прокуратурага йўналтирилади.

Дилшод Тўрахўжаевнинг адвокати ижтимоий тармоқларда тарқатган видеомурожаатда ҳимояси остидаги шахснинг соғлиғи ёмон эканлиги, унга малакали шифокор ёрдами ҳамда МРТ ва УТТ текширувларидан ўтказилиши кераклиги баён этилган. Шу боис 2023 йил 15 июнь куни Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари яна бир бор 1-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, тадбиркор билан учрашди ва ҳоли тарзда суҳбат ўтказишган.

Фото: Омбудсман матбуот хизмати

Тўрахўжаев 1-сон Тергов ҳибсхонаси ходимлари ва шароитдан шикояти йўқлиги, фақат тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилмаганлиги, унга нисбатан қийноқ қўллангани бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари чўзилаётганлиги ва уни қийноққа солган ходимларга нисбатан чора кўрилмаётганидан шикоят қилди.

Омбудсман томонидан Д.Тўрахўжаевга малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши ва тиббий текширувдан ўтказилишини ташкиллаштириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, унинг шикояти бўйича Бош прокуратурага Омбудсманнинг назорат хати чиқарилди”