Жамият | 17:23 / 19.06.2023
26357
2 дақиқада ўқилади

«Қўй боқиш осон иш эмас» – бешариқлик Шуҳратжон чўпон

Шуҳратжон Эҳсонов Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан. У ҳозирда Чотқол тоғ тизмаларининг Тошкент вилояти ҳудудида чўпонлик қилмоқда. У кўп йиллардан бери қўйларини Қорақушхона деб аталадиган жойга олиб чиқиб боқади. Kun.uz мухбири одамлардан олисда меҳнат қилаётган чўпонларнинг машаққатли бир кунини тасвирга олиб қайтди.

Шуҳратжон ака ҳозир 56 ёшни қоралаган. У ёшлигидан чўпонлик қилиб келади. Орада бироз бошқа соҳада ишлаган ва мана икки йил бўлибдики, чўпонликка яна қайтган. Унинг айтишича, чўпонликни танлаган одам унинг қийинчиликларига ҳам тайёр туриши керак. Қўйлар қорни оч қолди дегунча ўтга интилади, у хоҳ кечаси бўлсин, хоҳ кундузи. Подани кечаси 12:00да боқишни бошлашади.

«Орада озгина дам олганидан сўнг, соат тўрт ярим-бешларда яна яйловга ҳайдаймиз. Соат саккизларда қорни тўйиб чодир ёнига келишни бошлайди. Шу билан кун исиганда дам оламиз. Кечга бориб соат 16-17 атрофида яна ўтлатгани олиб чиқамиз», – дейди Шуҳратжон ака.

Чўпонларга кўра, қўйларни энг қийин боқадиган мавсум ёмғир ёғиб, туман тушган пайтда бўлади. У пайтда қўйлар ҳам бир-бирини кўрмайди, чўпон ҳам қўйлар қаерга қараб ҳаракатланаётганини англамай қолади. Шу сабабли бундай ҳолларда чўпонлар ҳалқа шаклида подани айланиб чиқишади. 

Қоронғи, ёмғир, совуқ, унинг устига устинг шалаббо бўлган ҳолатда ҳам подани ёлғиз ташлаб кетиб бўлмайди. Чунки атрофда доимо қўй илинжидаги бўрилар изғиб юради. Шуҳратжон аканинг айтишича, бу йил бўриларга қўй олдиргани йўқ экан. Лекин атрофдаги қўшни чўпонлар подасидан бир-иккита қўй олдирилган.

Чўпонлар ҳар 10-15 кунда тоғнинг юқори қисмига кўчиб ўтади. Боиси, жойлашган ерида ўтларни қўйлар еб битиради. Шу туфайли юқорида янги яйлов сари чиқиб бораверади. Чўпонлар юқорилагани сари тепадаги қоралар ҳам кун иссиғидан эриб боради. Сентябрь ойи ўрталарида қўйларни олиб ортга қайтиш бошланади. Ҳозир эса поданинг энг семирадиган пайти.

Чўпонлик қанчалик машаққат бўлмасин, ҳалол меҳнат, тоғнинг тоза ҳавоси, атрофдаги сокинлик уни бу иш билан шуғулланишга чорлайверишини таъкидлайди қаҳрамонимиз.

Тоҳиржон Турсунов
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид