Президент қарори билан жисмоний шахслар ва тадбиркорларга вақтинча солиқлардан енгилликлар бериляпти. Ўзгаришларни Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби Дилдора Ҳошимова тушунтириб берди.

—Жисмоний шахсларнинг вақтида тўланмаган ер ва мол-мулк солиқлари пенялари ҳисобдан чиқариляпти. Ўзи ҳисобдан чиқариш нима дегани? Фуқароларга қандай енгилликлар беради?

— Жисмоний шахсларнинг эгалигида ер участкаси бўлса, улар ер ва мол-мулк солиғи тўловчиси, кўп қаватли уйда турувчилар эса фақат мол-мулк солиғи тўловчиси ҳисобланади. Бу солиқлар йиллик ҳисоблаб чиқарилади. Ўзи Солиқ кодексида солиқлар тенг иккига бўлиб, 15 апрел ва 15 октябрда тўланиши белгилаб қўйилган. Пеня — кечиктирилган кун учун жарима. Бу фақат ер ва мол-мулк солиғи учун эмас, балки барча турдаги солиқ турлари ва жарималар бўйича, яъни улар муддатида тўланмаган бўлса кейинги кунидан бошлаб ҳар бир кечиктирилган кун учун пеня тўланади.

Қарор қандай енгиллик беради? Солиқ тўловчилар белгиланган муддатда солиқларни тўламай, кечиктириб тўлаган бўлса, уларга пеня ёзилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга асосан ҳозирда 4 млн 400 га яқин фуқароларимизда 553 млрд сўмлик пеня ҳисобланган. Бунда мана шу пенялар ҳисобдан чиқарилади. Эътибор бериш керак, солиқлар эмас, ер ва мол-мулк солиғи белгиланган давр учун тўланмаган солиқлар солиқ тўловчининг ҳисоб-варағида қолади, фақат кечиктириб тўлангани учун пенялар 2023 йил 1 июнгача, яъни эски даврлар, бу 2019 йил бўладими, 2020, 2021 йил бўладими, кечиктириб тўланган солиқлар учун пенялар барчаси ҳисобдан чиқарилади. 

Жисмоний шахс қаергадир мурожаат қилиши керакми, деган саволлар ҳам бериляпти. Йўқ, пеняларни бекор қилиш бўйича жисмоний шахс ҳеч қаерга мурожаат қилмайди. Солиқ органи автоматик дастуридан ҳар бир солиқ тўловчининг ҳисоб-рақамидан пенялар учун ҳисобланган сумма ўз-ўзидан йўқолади. Солиқ органи 2 ҳафта муддатда автоматик тарзда пеняларни ўчиради. Айтганимдек, ер ва мол-мулк солиқлари ўз ўрнида қолади.

—  Бу шу вақтгача пеняларни тўлаганларга таъсир қилмайди, тўламаганларнинг пенялари ҳисобдан чиқарилади, шунақами?

Шу пайтгача тўлаб қўйганларники қарор 2023 йил 1 июндан деб чиққани учун мана бугун 20 июн, мана шу муддат оралиғида эски даврларга пеняларни тўлаган шахслар бўлса, уларга маблағ қайтариб берилиши мумкин. Шу кунгача ҳисоблаб қўйган пеняларнинг 2023 йил 1 июнгачасини солиқ органи ўзи автоматик ҳисобдан чиқаради, 2023 йил 1 июндан шу кунгача қарорни эшитмасдан тўлаб қўйганлар ариза ёзиб қайтариб олиши мумкин.