Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия президенти Қирғизистонда Украинадаги урушни муҳокама қилади
Франк-Валтер Штайнмайер Қирғизистонга ташриф буюрди. Ташрифнинг асосий мавзуларидан бири - Украинадаги уруш, унинг Марказий Осиё ва Европа учун оқибатлари.
Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер 22 июнь, пайшанба куни расмий ташриф билан Қирғизистонга келди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров уни президент саройида кутиб олди. Штайнмайер Қозоғистонда бўлгани каби Германия Қирғизистонга ҳам ўзини шерик сифатида таклиф қилаётганини ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидламоқчи.
Dpa агентлигига кўра, Германия президенти ўзини анъанавий равишда Марказий Осиё минтақасида катта рол ўйнайдиган Россия ва Хитойга муқобил вариант сифатида таклиф қилмоқда.
Бишкекка келгач, Штайнмайер Қирғизистонга ташрифининг катта қисми Украинадаги уруш, унинг Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари, жумладан, Германия учун оқибатларини муҳокама қилишга бағишланиши мумкинлигини айтди.
Штайнмайер Германия Қирғизистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганини эслатди. «Бизда 30 йилдан ортиқ вақт давомида жуда барқарор муносабатлар мавжуд, улар жадал ривожланмоқда, икки томонлама ташрифларимиз бунинг далилидир», — деди Германия президенти. Бу Франк-Валтер Штайнмайернинг Қирғизистонга учинчи ташрифидир.
Иқтисодий нуқтайи назардан Қирғизистон ноёб металлар ва олтиннинг бой захираларига эга мамлакат сифатида Германияни қизиқтиради.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров, ўз навбатида, Бишкек Германия билан фаол ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканини, Германия нафақат Европа, балки бутун дунёда етакчи давлатлардан бири эканини таъкидлади. «Германия ўзининг сиёсий нуфузи ва иқтисодий салоҳияти туфайли дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан, Қирғизистон учун ҳам намунадир», — деди Жапаров.
«Биз демократик қадриятлар, асосий эркинликлар ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан қараймиз, улар Германияда ҳам юксак қадрланади. Мамлакатимизни демократик ривожлантириш, кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий тизимни барпо этишда Германия қўллаб-қувватлови биз учун жуда муҳим», - дея таъкидлади Қирғизистон президенти.
Мавзуга оид
18:47 / 14.06.2026
Германия президенти Ўзбекистонга келади
20:00 / 09.06.2026
“Марказий Осиёда хорижий давлатларнинг ҳарбий базаларига эҳтиёж қолмаган” — сиёсатшунослар
12:20 / 04.06.2026
Қирғизистон илк марта БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибига сайланди. Ўзбекистон қардош халқни табриклади
19:57 / 30.05.2026