Запорижжя ва Донецк области жанубида тўқнашувлар давом этмоқда, баъзи чизиқларда жанглар тобора шиддатли тус олмоқда. Украина қуролли кучлари аста-секин турли ҳудудларда Россия мудофаасини ёриб ўтяпти, Россия қўшинлари эса Украина армиясини асосий мудофаа чизиғига етиб бормасдан олдин тўхтатишни режалаштириб, қарши ҳужумга ўтишга ва захираларни қайта жойлаштиришга ҳаракат қилмоқда. BBC мухбири Иля Абишев фронтдаги сўнгги воқеаларни таҳлил қилди.

«Украина қўшинлари Запорижжя ва Донецк областларидаги икки ҳафталик ҳужум амалиёти давомида саккизта аҳоли пунктини озод қилди. Булар Новодаривка, Левадне, Сторожеве, Макаривка, Блаҳодатне, Лобкове, Нескучне ва Пятихатки», деган 19 июн куни Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр.

Унинг сўзларига кўра, Украина ҳарбийлари Россия мудофаасига умумий ҳисобда 7 км ичкарилаган, жанубдаги озод қилинган ҳудудлар майдони 113 квадрат километрни ташкил қилади.

Шу билан бирга, Маляр Россия қўшинлари ташаббусни ўз қўлига олишга уринаётган Луҳанск области ғарби ва Донецк области шимолидаги мураккаб вазият ҳақида ҳам гапирган.

«Душман ўз кучларини шимолга йиғди ҳамда ташаббусни биздан тортиб олишга уриниб, Лиман ва Купянск йўналишларида фаол ҳужумга ўтмоқда. Душман ҳаракатининг юқори фаоллиги қайд этилди. Шафқатсиз жанглар давом этмоқда. Бизнинг қўшинларимиз душманнинг олдинга силжишига йўл қўймаяпти», деди Украина мудофаа вазири ўринбосари.

Украина қуролли кучларининг Жанубий Донецк, Запорижжя ва Донецк йўналишларида фаол ҳужумга ўтиш ҳаракатлари ҳақида Россия мудофаа вазирлиги ҳам хабар берган. Вазирлик расмийси Игор Конашенковнинг маълум қилишича, Украина қуролли кучларининг ҳужумлари қайтарилган — тўрттаси Донецк йўналишида, учтаси — Запорижжя ва Донецк области чегарасидаги Времевка бўртиғида ва иккитаси Запорижжия областининг Малая Токмачка ҳудудида. Конашенков бой берилган ҳудудлар ҳақида гапирмаган.

Икки томон ҳам душман катта талафoт кўрганини даъво қилмоқда.

Тасдиқланган фотосуратлар ва видеолар асосида ҳар икки томоннинг техник йўқотишларини ҳисоблайдиган Oryx мудофаа таҳлилий портали маълумотларига кўра, Россия июн ойи бошидан бери 129 та техника, жумладан, 32 та танк йўқотган. Украина эса 155 та техника, шу жумладан 24 та танкдан айрилган.

Мустақил ҳарбий таҳлилчилар Украина жанубидаги жангларда икки томоннинг йўқотишларини тахминан бир хил деб баҳоламоқда. Фото: Reuters