Жаҳон | 09:48 / 24.06.2023
8818
2 дақиқада ўқилади

Россияда давлат сирлари моддаси бўйича 20 дан ортиқ иш қўзғатилди

Россияда давлат сирларидан хабардор бўлган ва яқинда чет элда бўлганлар кўпроқ судлана бошлади. Ишларнинг аксарияти ўзини мустақил деб эълон қилган Абхазияга сафар қилган одамларга тегишли.

Фото: unami.ru

Россияда давлат сирларидан хабардор бўлган ва хорижга чиққан шахсларга нисбатан жиноий ишлар тобора кўпайиб бормоқда – ҳаттоки улар бир неча йил олдин ишдан кетган бўлса ҳам. Шу тариқа, Жиноят кодексининг “Давлат сирларини муҳофаза қилиш талабларини бузиш” бўйича янги моддаси бўйича камида 22 та жиноят иши қўзғатилган, деб хабар берди "Медиазона" 23 июн, жума куни.

Нашрнинг аниқлик киритишича, олтита иш бўйича ҳукм аллақачон чиқарилган – судланувчилар 250 минг рублдан кўп бўлмаган жаримага тортилган.

Энг кўп уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи ушбу модда Жиноят кодексига 2022 йил июл ойида киритилган ва унга кўра жиноий жавобгарликка тортиш амалиёти фақат 2023 йилда шакллана бошлаган.

Асосан, Гуржистондан мустақиллиги Россия томонидан тан олинган Абхазияга сафар қилганлар ушбу айблов билан жиноий жавобгарликка тортиляпти. "Первый отдел" инсон ҳуқуқлари лойиҳаси адвокати Евгений Смирновнинг сўзларига кўра, ушбу модда бўйича Абхазиядан қайтганларнинг таъқиб қилиниши "ФСБ"нинг ўзига хос тузоғидир: чиқиб кетиши аниқ тақиқланган шахсга чиқишга рухсат берилади, қайтганидан кейин эса жиноий иш қўзғатилади, чунки тан олинмаган республикани фақат Россия орқали тарк этиш мумкин.

"Первый отдел" ҳисоб-китобларига кўра, ўн минглаб одамлар янги модда билан жавобгарликка тортилиши мумкин: муҳандислар, давлат корхоналари ходимлари, мансабдор шахслар, хавфсизлик ходимлари ва бошқа кўплаб фуқаролар тоифалари. Шу билан бирга, ишдан бўшатилгандан кейин беш йил давомида раҳбариятнинг рухсатисиз давлатдан чиқиб кетиш тақиқи амалда қолади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид