— АҚШнинг юқори мартабали амалдори 5 йилда илк марта Хитойга борди. Ташрифнинг асосий мақсади нима эди?

Хайрулла Умаров: Бир қанча сабабларни кўрсатиш мумкин. 2019 йилда тарқала бошлаган коронавирус масаласида икки томон бир-бирини айблаган эди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги иқтисодий масалаларнинг ортиб бориши, Осиё Тинч океани минтақасидаги мунозарали ороллар, Хитойнинг Яқин Шарқ минтақасидаги дипломатик ютуқлари, Фаластин–Исроил можаросига Хитойнинг муносабати ва Украина уруши билан боғлиқ масалалар. Яъни Блинкеннинг ташрифида муҳокама қилинадиган мавзулар йиғилиб қолганди.

Блинкен аслида феврал ойида Пекинга келиши кутилаётган эди, бироқ ўша вақтда Хитойнинг ҳаво шари АҚШ ҳудудида пайдо бўлгани янги тарангликни келтириб чиқарганди. АҚШ буни жосуслик шари деса, Хитой аксинча космик мақсадларда фойдаланишини маълум қилганди.

Камолиддин Раббимов: Учрашувда албатта Россия-Украина уруши ва Тайван масаласи ҳам муҳокама қилинган. АҚШ ҳам, Хитой ҳам буни ҳар хил кўринишда билдирди. Яъни Қўшма Штатлар Украина-Россия уруши жараёнида ХХР Москвага қурол етказиб бермаслигини сўраб келади. АҚШ бу борада Хитойнинг қурол етказиб бергани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирган. АҚШ ва Хитой ҳозирда дунёнинг икки қудратли давлати ва уларнинг ўзаро иқтисодий боғлиқлиги ниҳоятда юқори даражада. Лекин АҚШ сўнгги йилларда Россияни душман давлат деб белгиласа, Хитойни асосий рақиб давлат сифатида кўрсатади.

— АҚШдаги элита ва сиёсатшуносларнинг Хитойга муносабати ўзгармоқдами?

Хайрулла Умаров: АҚШнинг ташқи сиёсати тизимли равишда ишлайди, ҳокимиятга демократлар келса ҳам, республикачи келса ҳам, Россия ва Хитой рақиб бўлиб қолаверади. Шунингдек, АҚШнинг ҳарбий самолётлари Хитой чегаралари атрофида айланиб юриши бевосита ҳарбий разведка мақсадида айланиб юради ва бу ҳам Хитойнинг АҚШга нисбатан шаклланадиган сиёсатига таъсир ўтказади.

Камолиддин Раббимов: АҚШдаги элита ва сиёсатшуносларнинг Хитойга муносабати ўзгаргани йўқ ва ўзгармайди ҳам. XXI асрнинг энг асосий масаласи – АҚШ ва Хитой ўртасида муқаррар бўладиган тўқнашувда ким ғалаба қозонади деган савол. Ўйлайманки яқин ўн йилликлар ўртасида мазкур икки давлат ўртасида тўғридан тўғри ёки гибрид тўқнашув албатта юз беради.