Ечимини кутаётган ҳуқуқий масалалар

Рақамли технологиялар мусиқа, чизмалар, шеърлар ва бошқалар каби оригинал санъат асарларини яратишга қодир алгоритмларни яратишга имкон беради, шунинг учун муаллифлик ҳуқуқи ва сунъий интеллект қизғин муҳокама ва мунозараларга сабаб бўляпти.

Муаллифлик ҳуқуқи ва сунъий интеллект билан боғлиқ бир қатор ўз ечимини кутаётган долзарб масалалар бор:

  • сунъий интеллект ёрдамида яратилган асарларга муаллифлик ҳуқуқини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари;
  • сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши учун жавобгарлик масалалари;
  • сунъий интеллект ёрдамида яратилган асар муаллифлик ҳуқуқи деб тан олиниши учун инсоннинг қандай ҳаракатлари ва қандай даражадаги ижодий ҳисса талаб қилиниши билан боғлиқ саволлар.

Баъзи олим ва мутахассислар сунъий интеллект томонидан яратилган асарларга муаллифлик қилиб бўлмайди, деб ҳисоблашади, чунки улар одам томонидан яратилмаган, алгоритмлар томонидан яратилган. Бошқалар эса муаллифлик сунъий интеллектга ҳам, унинг яратувчисига ҳам, шунингдек, сунъий интеллект яратган асар кодини ишлаб чиққан дастурчига ҳам берилиши мумкин, деб таъкидлайди.

Ҳозирги вақтда муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунчилик сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солувчи махсус қоидаларни тақдим этмайди. Бироқ, турли мамлакатларда қонунчиликни янги технологик жараёнларга мослаштириш бўйича қадамлар аллақачон қўйилган.

Жаҳон тажрибаси: сунъий интеллектга оид муаллифлик масалалари қандай тартибга солинади?

AҚШда сунъий интеллект ёрдамида яратилган асарнинг муаллифи сифатида уни яратган ёки унинг номидан асар яратиш бўйича кўрсатмалар берган шахс тан олинади. Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Россияда муаллиф асар яратилишига катта ҳисса қўшган шахс сифатида эътироф этилади. Хитойда сунъий интеллект ёрдамида яратилган асар муаллифлигининг тан олиниши асарни яратишда инсоннинг ижодий ҳиссасини жамоатчилик томонидан эътироф этилиши билан боғлашади.

Бироқ, сунъий интеллект ёрдамида яратилган асар муаллифи шахс бўлса ҳам, ушбу асарга бўлган ҳуқуқлар бўйича низолар келиб чиқиши мумкин.

Сунъий интеллект муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган элементлар асосида бошқа мусиқий композиция ёки фотосуратни ўз ичига олган асар яратадиган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Бундай ҳолда, муаллифлик ҳуқуқи дастлабки маълумотларни яратган шахсга ҳам, якуний ишни яратган сунъий интеллект муаллифига ҳам тегишли бўлиши мумкин.