Sona «Яндекс» маълумотлари асосида нолдан ўқитилган. Уни яратиш ва синовдан ўтказишда «Алиса», «Яндекс Музыка» муҳандислари ҳамда компаниянинг тадқиқот ва ишланмалар жамоаси қатнашган.

Анъанавий тавсия тизимларида вазифалар бир нечта алгоритм ўртасида тақсимланади. Айримлари миллионлаб вариантлар орасидан мосларини топса, бошқалари уларни баҳолайди ва қайси тартибда кўрсатишни белгилайди.

Sona эса вариантларни танлаш ва тартиблашни ягона модел орқали бажаради.

Иллюстрация: Sona Technical Report / arXiv. Sona архитектураси

Модел аввалги танловлардан ўрганади

Sona фойдаланувчи аввал нималарни танлагани ва қайси контентга қайта мурожаат қилганини таҳлил қилади. Шу маълумотлар асосида унга мос келиши мумкин бўлган тавсияларни шакллантиради.

Ишлаб чиқувчиларнинг айтишича, бунда модел таянадиган белгиларни қўлда танлашга эҳтиёж қолмайди.

Ягона моделдан фойдаланиш тавсиялар тизимини янгилашни ҳам соддалаштиради. Анъанавий ёндашувда алоҳида алгоритмларни қайта ўқитиш ва ўзаро мувофиқлаштириш талаб этилса, Sona бу вазифаларни бир тизимда бирлаштиради.

Бир ҳафталик синов қандай натижа берди?

Муҳандислар Sonaʼни «Алиса»ли ақлли колонкаларда мусиқа тавсия қилиш учун синаб кўрган. Тест гуруҳида ўнлаб алгоритмдан иборат одатий тизим бир ҳафтага янги модел билан алмаштирилган.

Компания келтирган натижаларга кўра:

  • тавсия этилган қўшиқларни тинглаш вақти 6,3 фоизга ошган;

  • қўшиқни қайта қўйиш ҳақидаги сўровлар қарийб 18 фоизга кўпайган;

  • фаол тингловчилар аудиторияси 4,5 фоизга ўсган.