Ўзбекистон | 11:11 / 29.06.2023
3657
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “Қурилиш майдонларида жароҳатланишга барҳам бериш” дастури амалга оширилади 

“Қурилиш соҳасидаги ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада кучайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Белгилаб қўйилишича:

икки ва ундан ортиқ иш берувчи бир вақтнинг ўзида битта қурилиш майдонида ишлаганда бош пудратчи ёки қурилиш объектининг умумий фаолиятига ва амалий назоратни олиб боришга жавобгар бошқа шахс объектда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган чораларни мувофиқлаштириш ва уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул ҳисобланади. Бунда, бош пудратчи ёки қурилиш объектининг умумий фаолиятига ва амалий назоратни олиб боришга жавобгар бошқа шахс қурилиш майдонида бўлмаган тақдирда, уларнинг номидан меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларига риоя этилишини таъминлаш учун бошқа ваколатли шахс тайинланади;

бош пудратчи томонидан қурилишда иштирок этувчи барча ташкилотлар ва шахслар учун мажбурий бўлган ишларнинг хавфсиз шароитларини таъминловчи тадбирлар (биргаликда бажариладиган ишлар графиги) режаси ишлаб чиқилади;

пудрат шартномаларида қурилиш майдонлари ва иш участкаларида меҳнат хавфсизлиги шароитларини таъминлаш бўйича тадбирларни бажаришда томонларнинг ўзаро масъуллиги белгиланиши лозим;

лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари қурилиш майдони, иш участкалари ва ишчи ўринларида ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини ҳисобга олиши шарт;

мулкчилик шаклидан қатъий назар ҳар бир қурилиш объекти лойиҳа-сметасида меҳнатни муҳофаза қилиш учун ажратиладиган маблағ миқдори аниқ кўрсатилиши шарт;

икки ва ундан ортиқ иш берувчи бир вақтнинг ўзида битта қурилиш майдонида ишлаганда, улар бош пудратчининг ёки қурилиш объектининг умумий фаолиятига ва амалий назоратни олиб боришга жавобгар шахснинг меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги талабларига бўйсуниши шарт.

Халқаро ижтимоий таъминот ассоциациясининг (ISSA) концепциясини жорий этишга асосланган 2023–2025 йилларда Ўзбекистонда “Қурилиш майдонларида жароҳатланишга барҳам бериш” дастури тасдиқланади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан биргаликда Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда қурилиш ташкилотларида хавфсизлик мониторингини ўтказади, бунда ходимларнинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказиши мумкин бўлган хавф-хатарларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш борасида профилактика чора-тадбирларни амалга оширади.

Буюртмачи хизматлари пудрат ташкилотлари билан биргаликда қурилиш объектлари ва майдонларида ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид