Европа топ-клублари трансферлар бозоридаги ишларни давом эттирмоқда. 2023 йил ёзининг алоҳидалиги шундаки, маълумотларнинг кўпчилиги кучли клублар сафини футболчилар оқими тарк этаётгани билан боғлиқ. Бу борадаги энг фаоллик – «Челси»да кузатилмоқда. Аммо лондонликлар ҳали ҳам кераксиз футболчилардан таркибни тозалаб улгурмади. «Челси», «Барса», «МЮ» ва бошқа топ-жамоаларни яна кимлар тарк этади?

«Челси»

Кай Ҳаверц. Фото: ARSENAL.COM

Лондон клубини аллақачон Калиду Кулибали, Эдуар Менди (иккиси ҳам «Ал-Аҳли»га), Н’Голо Канте («Ал-Иттиҳод»), Темуэ Бакайоко (клубсиз), Жоау Фелиш, Денис Закариё (уларнинг иккисида ҳам ижара муддати тугади), Кай Ҳаверц («Арсенал»), Матео Ковачич («Манчестер Сити»), Рубен Лофтус-Чик («Милан»), Ҳаким Зиёш («Ан-Наср») тарк этиб бўлишди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Лондонликлар яна бир гуруҳ футболчилари учун вариантлар изламоқда: форвардлар Пиер-Эмерик Обамеянг (у «Барселона»га қайтиши айтилмоқда), Ромелу Лукаку («Интер» унинг трансфер ҳуқуқини сотиб олиши, «Милан»га ўтиши ёки Саудия Арабистонига кетиши мумкин), Кристиан Пулишич («Милан»), яримҳимоячилар Мэйсон Маунт (асосий вариант – «Манчестер Юнайтед»), Каллум Ҳадсон-Одои (Саудия Арабистонидан вариантлар бор), шунингдек ҳимоячилар Сесар Аспиликуэта ва Трево Чалоба (уларнинг иккисини «Интер» билан боғлашмоқда). «Челси»да тозалаш давом этади. Асосий харидлар эса ҳали олдинда – таркибда жой бўшатилганидан кейин.

«Манчестер Юнайтед»

Жейдон Санчо. Фото: MATT MCNULTY/GETTY IMAGES

Манкунианликлар ҳам таркибни ортиқча футболчилардан тозалаш устида иш олиб бормоқда. Марсел Забитцер, Ваут Вегҳорст ва Жек Батлэнднинг ижара муддати якунланиб, ўз клубларига қайтишди. Шунингдек, «МЮ»ни Аксел Туанзебе ва Фил Жонс эркин агент мақомида тарк этди. Аммо асосий чиқиш трансферлари ҳали олдинда. Daily Mail хабарига кўра, «Юнайтед» бир гуруҳ футболчилари бўйича таклифларни кутмоқда. Уларнинг қаторига: ҳимоячилар Алекс Теллес, Ҳарри Магуайр, Брендон Уилямс, Эрик Байи, яримҳимоячилар Фред, Донни ван де Бек, Скотт Мактоминей, Ҳаннибал Мужбри ва Жейдон Санчо, шунингдек форвардлар Энтони Эланга ва Антони Марсиял киради. Шунингдек, «МЮ»ни эркин агент мақомида 12 йилдан буён клубда бўлган Давид де Хеа ҳам тарк этиши мумкин. «Юнайтед» сотувлардан жами 280 млн евро ишлаб олишни кўзлаган. Юқорида номлари саналган футболчиларнинг барчасини сотишнинг имкони бўлиши даргумон, аммо уларнинг бир қисми Манчестерни тарк этиши аниқ.