Умумий қоидага кўра, дам олиш ва байрам кунларида ишлаш тақиқланади. Аммо қонунчиликда заруриятдан келиб чиққан ҳолда айрим истисно ҳолатлар белгиланган. Бу ҳақда Hudud24 маълумот берди.
1. Шошилинч ишларни бажариш учун ходим розилиги билан дам олиш ёки байрам куни ишлашга рухсат берилади
Ташкилотнинг фаолияти шошилинч бажариладиган ишларга боғлиқ бўлганида, ходимлар ёзма розилиги билан дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ишга жалб этилиши мумкин.
Бунда шошилинч бажарилиши керак бўлган ишлар рўйхати жамоа шартномасида ёки касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан ёхуд меҳнат шартномасида белгиланиши керак.
Шунингдек, байрам кунлари ишлаб чиқаришни тўхтатиб туриш имкони бўлмаган, аҳолига хизмат кўрсатиладиган ишларни, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларини амалга оширишга йўл қўйилади.
Бундан ташқари, маданий-томоша ташкилотлари, телевидение, радиоэшиттириш ва бошқа ОАВ ходимлари дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб этилиши мумкин.
2. Бахтсиз ҳодиса рўй берганда ходимни розилигисиз ишга чақириш мумкин
Қуйидаги ҳолатларда ходимнинг розилигисиз дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб этишга йўл қўйилади:
- табиий ёки техноген ҳалокатлар, авариялар, бахтсиз ҳодисалар (ёнғин, тошқин, зилзила, эпидемия ва бошқалар) давридаги ишларни бажариш учун;
- бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун;
- иссиқ ва совуқ сув, газ, ёруғлик, иссиқлик таъминоти, транспорт, алоқанинг нормал ишлашини бузадиган ҳолатларни бартараф этиш учун;
- иш берувчи мулкини нобуд қилиш ёки унга зарар етказишнинг олдини олиш учун.
3. Баъзи ходимларни ҳар қандай ҳолатда розиликсиз дам олиш ёки байрам куни ишга чақириш мумкин эмас
Ногиронлиги бўлган ходимлар, ҳомиладор аёллар, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси бўлган ходимларни дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилишга ҳар қандай ҳолатда фақат уларнинг розилиги билан йўл қўйилади.














