Жаҳон | 15:03 / 06.07.2023
33805
5 дақиқада ўқилади

Россия Лвивга уруш бошидан буён энг йирик ҳужумни амалга оширди. Бу ҳақда нималар маълум?

Пайшанбага ўтар кечаси Россия Лвив бўйлаб ракета зарбаси йўллади. Кўп квартирали турар жой биносининг бир қисми қулаб тушган, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган ва яраланган. Шаҳар мэри бу уруш бошидан буён қилинган энг йирик ҳужум бўлганини маълум қилди. Украин ҳарбийлари шаҳарга Қора денгиз ҳудудидан туриб учирилган «Калибр» ракеталари келиб тушганини билдирди.

Фото: Presidential Press Service / Reuters / Scanpix / LETA

Украина ИИВ турар жой биносининг учта подъездида учинчи ва тўртинчи қаватлар вайрон бўлгани, камида тўрт киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Украина ФВДХ маълумотларига кўра, 37 киши яраланган, улар орасида ёш бола ҳам бор. Харобалар остидан 7 киши қутқарилган.

Харобаларни тозалаш ишлари давом этмоқда. Уйнинг қулаб тушган учта подъезди вайроналари остида ҳамон одамлар қолаётган бўлиши мумкин.

Украина ҚК ҳаво кучлари маълум қилишича, тунги соат бир атрофида Қора денгиз акваториясидаги кема ва сувости кемасидан «Калибр» қанотли ракеталари билан зарбалар йўлланган. Уларнинг маълумотларига кўра, аввалига маҳаллий рельеф ва Днипро ўзанидан фойдаланган ҳолда шимолий йўналишда ҳаракатланиб, кейин йўналишни кескин ғарбга ўзгартирган бир неча ракеталар гуруҳи қайд этилган.

Баёнотда айтилишича, якунда украин кучлари 10 та «Калибр» қанотли ракетасидан еттитасини тўхтатган. Қолган учтаси Лвивдаги фуқаролик объектларига келиб урилган.

Кўп квартирали уйга энг кўп зарар етган, бу ерда учта подъездда учинчи ва тўртинчи қаватлар вайрон бўлган, харобалар остидан тўрт кишининг жасади олиб чиқилган.

Лвив мэри Андрий Садовий тунда уйга россияликлар ракетаси қолдиқлари тушганини айтганди, аммо област ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкий бинога ракета тўғридан тўғри келиб урилганини тасдиқлади. Прокуратура ҳам бу версияни қўллаб-қувватлаган: россияликлар ракетаси келиб урилган.

«„Рус дунёси“ Лвивга шундай қилиб келди», — деган у вайрон бўлган уй фонида олинган видеода. Тунги чиқишида у Лвивда бошқа муҳим инфратузилма объекти ҳам зарбага учраганини маълум қилганди.

Мэрнинг ҳисобларига кўра, шаҳарда жами 35 та уй шикастланган. «Бу кенг кўламли босқин бошланганидан буён Лвивда фуқаролик инфратузилмаларига қилинган энг катта ҳужумдир, — дея ёзган тунда Садовий ўз телеграм-каналида. — Уйларнинг томлари бутунлай учиб кетган».

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг телеграм-каналида тонгда Лвивдаги вайронгарчиликнинг дрон орқали олинган видеоси эълон қилинди. «Душманга жавоб албатта бўлади. Сезиларли даражада», — деган Зеленский.

Вайроналар остидан одамларни қидириш ишлари давом этмоқда
Фото: t.me/mvs_ukraine

Ракета парчаларидан жами 60 квартира вайрон бўлган. Бошпанасидан айрилган одамлар меҳмонхоналарга ёки Стрийский паркидаги модул шаҳарчага жойлаштирилади. Турар жойларни тиклаш учун 100 миллион гривна ажратилади. Зарба оқибатида 50 автомобил шикастланган.

Ракета зарбаси вақтида шаҳарда камида ўнта бошпана ёпиқ бўлган. Полиция текширув ишларини бошлаган. Козицкийнинг хабарига кўра, вайрон бўлган уй атрофидаги бошпаналар зарба чоғида очиқ бўлган, аммо ўшанда унга фақат беш киши яширинган.

Губернатор Козицкий шунингдек Лвив областида турли районлардаги икки қишлоққа ракета парчалари тушганини айтган. Унинг маълумотига кўра, бу ҳудудларда жабрланганлар бўлмаган.

Лвивда яшовчи Павел бу тундаги воқеалар ҳақида BBC Украина хизматига сўзлаб берган, унинг квартираси зарба оқибатида буткул вайрон бўлган, ўзи эса оиласи билан бирга базўр омон қолишган. Тунда тревога янграганида, улар аввалига ваннахонага чопишган, яқин атрофда ракета қулаганидан кейин эса қўшни подъезднинг ертўласидаги бошпанага йўл олишган.

Унинг сўзларига кўра, кўп ўтмай уйга ракета келиб урилган ва уларнинг подъездини ва уйнинг бутун қанотини вайрон қилган.

«Мен, рафиқам ва болам чангга беландик, аммо ертўла бизни қутқарди», — дейди Павел. Шундан кейин, улар ертўладан чопиб чиқишган, полиция эса уларни яқиндаги хиёбонга юборган. Улар паркка боришганида, яқин атрофда яна портлаш овозлари эшитилган.

«Лвив. Шаҳарнинг тарихий қисми ЮНЕСКО мероси рўйхатида. Россия ракетаси замонавий Европа давлатида фуқаролар устига учиб келмоқда. Одамлар ҳалок бўлмоқда. Бунга жим туриш ва кўз юмиш мумкин эмас», — дея ёзган Украина президенти офиси раҳбари Андрий Ермак ўз телеграм-каналида.

Россия мудофаа вазирлиги ва Россия ҳукумати ҳозирча Лвив бўйлаб ракета зарбаси юзасидан изоҳ бермади.

Садовийнинг хабар қилишича, шаҳарда россияликлар зарбаси қурбонлари хотирасига икки кунлик мотам эълон қилинади.

Лвивга ракета зарбаси оқибатида жабрланган тинч аҳоли вакилини олиб чиқаётган қутқарувчилар
State Emergency Service of Ukraine / Reuters / Scanpix / LETA
Фото: Presidential Press Service / Reuters / Scanpix / LETA
Фото: Presidential Press Service / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид