Жаҳон | 09:34 / 08.07.2023
7089
2 дақиқада ўқилади

Байден Си Жинпингни Москва билан муносабатда эҳтиёткор бўлишга чақирди

АҚШ президенти Хитой раиси билан Украинада уруш бошланганидан кейин Америка корпорацияларининг Россия бозоридан чиқиб кетиши ва Пекиннинг ғарб сармоясига қарамлиги ҳақидаги суҳбати тўғрисида маълумот берди.

Фото: pbs.org

АҚШ президенти Жозеф Байден Хитой раҳбари Си Жинпингга Хитой етакчисининг Россия президенти Владимир Путин билан учрашуви ва Пекиннинг ғарб сармоясига қарамлиги муносабати билан эҳтиёт бўлишни айтган. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари CNN телеканалига берган интервьюсида гапирди, ундан парчалар 7 июль, жума куни эълон қилинган.

«Россия Украинага бостириб кирганидан бери 600 та Америка корпорацияси Россияни тарк этди. Сиз менга иқтисодиётингиз Европа ва Қўшма Штатлар сармояларига боғлиқлигини айтдингиз. Эҳтиёт бўлинг», - дея Байден Си билан мулоқотдан парча келтирган. Оқ уй раҳбари таъкидлаганидек, у Хитой раисига унинг сўзлари «таҳдид эмас, балки кузатиш» эканлигини тушунтирган. 

Си қандай жавоб бергани сўралганда, Байден шундай деди: «У тинглади ва баҳслашмади». Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, Хитой Россияга тўхтовсиз ёрдам бераётгани йўқ. АҚШ президенти Си билан суҳбати айнан қачон бўлиб ўтганига аниқлик киритмади. 

Хитой ва Россия етакчилари март ойида Москвада учрашган эди. Бундан ташқари, Си ва Путин июль ойида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг онлайн саммитида иштирок этди. 

АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда миллий хавфсизлик бўйича келишмовчиликлар, жумладан Тайван, Украинадаги уруш, Вашингтоннинг илғор технологиялар экспортини тақиқлаши ва Пекиннинг саноат сиёсати туфайли кескинлашган. 

Мавзуга оид