Асли ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Искандар Маҳмудов ва унинг шериклари томонидан асос солинган Урал кон-металлургия компанияси (УКМК) 2022 йилги ҳисоботини эълон қилди. Унда компания собиқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловни ўзининг бенефициар эгаси сифатида кўрсатган. Бунга Forbes нашри эътибор қаратди.

Қайд этилишича, 2022 йил 14 мартда УКМК расмий сайтида компания корпоратив тузилмасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилади. Унда Искандар Маҳмудов ва Андрей Бакаров (Маҳмудовнинг асосий бизнес ҳамкори, “Трансмашҳолдинг” асосчиси) УКМК, “Кузбассразрезуголь”, “Восточный порт”, “Ростерминалуголь” АЖларнинг бенефициарлари бўлишни тўхтатгани, шунингдек, ушбу компанияларнинг директорлар кенгашларини тарк этгани хабар қилинади. Бир ой ўтгач, Маҳмудов ва Бокарев Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилади.

2022 йилнинг июлида Андрей Козицин ҳам УКМК бош директори лавозимидан кетади. Қарор “келажакдаги персонал санкциялардан қочиш” мақсадида қабул қилингани айтилади. Бир неча кундан кейин уни Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига киритади.

2021 йилгача Маҳмудов, Козицин ва Бокарев УКМКнинг 85 фоиз улушдори бўлган, Кипрда рўйхатдан ўтган Selmareco Limited компаниясига эгалик қилган. Ўз навбатида, УКМК “Кузбассразрезуголь” кўмир компаниясининг 52,7 фоиз улуши эгаси бўлган (2022 йил якунларига кўра, мазкур корхона 44 млн тоннадан ортиқ кўмир қазиб олган ва ушбу кўрсаткич бўйича Россияда 2-ўринда қайд этилган). Маҳмудов, Козицин ва Бокарев бошқа офшор компаниялари орқали “Кузбассразрезуголь”нинг яна 35 фоиз улушига ҳам эга бўлишади.

Кипрда рўйхатдан ўтган яна бир ҳолдинг Starlion Limited Россия Узоқ Шарқидаги “Восточный порт” ва Болтиқбўйидаги “Ростерминалуголь” кўмир терминалларини назорат қилган. Маҳмудов, Козицин ва Бокаревнинг ушбу бизнесдаги умумий улуши тахминан 77 фоизни ташкил этган.

Ўтган йил якунлари бўйича, УКМК билан боғлиқ асосий активларнинг умумий даромади 890 млрд рубль (тахминан 9,6 млрд доллар), умумий соф фойда эса 190 млрд рубль (тахминан 2 млрд доллар) бўлган. УКМК 2022 йил бўйича берган ҳисоботида Комилов Донияр Абдулазизовични компаниянинг бенефициар эгаси сифатида келтирган.

Дониёр Комиловнинг компанияси Тошкент марказидаги собиқ МХХ биносини 210 млрд сўмга хусусийлаштирган. Айни кунларда бу бино ўрнида меҳмонхона қуриш мақсадида бузилмоқда. / Фото: Kun.uz