Дунё бўйлаб турли инсонлар самолётларда парвоз қилар экан, ҳар куни кўплаб йўловчиларнинг сумкалари йўқолади ёки адашиб кетади. Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда ҳар йили аэропортларда 20 миллион сумка йўқолади. Улардан қарийб 100 минг донаси умуман топилмайди.

Шунингдек, сумкаларга солинган турли буюмлар самолётларга ортиб, туширишда синади ва яроқсизга айланади. Бундай ҳолларда йўловчиларнинг зарар кўришига асосан аэропортларда сумкаларни ортиш ва тушириш билан шуғулланувчи ходимлар сабаб бўлишади.

Ижтимоий тармоқлар аэропорт хизматчиларининг йўловчилар сумкаларини эҳтиёт қилмасдан улоқтириб юбораётгани тасвирланган видеоларга тўла.

Қанчалик танқид қилинмасин, гапирилмасин дунёнинг аксарият аэропортларида хизматчиларнинг йўловчилар сумкаларига муносабати ўзгармаяпти. Улар сумкаларни ирғитишда ва йўловчиларга зарар етказишда давом этишмоқда.

Бундан бир неча йил олдин канадалик унча таниқли бўлмаган мусиқачи Дэйв Кэрролл билан ҳам шундай ҳодиса юз берган.

2008 йилда аэропорт ходимлари унинг қимматбаҳо гитарасини синдириб қўйишади. Мусиқачи бунда гитарани самолёт салонига олиб киришига рухсат бермаган авикомпания ходимларини айблайди. Бироқ товон пули ундира олмайди. Шунда у авиакомпаниядан ўзгача тарзда ўч олади.

Фото: krskdaily.ru

Ҳодиса тафсилотлари

2008 йил баҳор ойларининг бирида Дейв Кэрролл бошчилигидаги Sons of Maxwell мусиқий гуруҳи АҚШнинг Небраска штатида концерт қўйиш учун таклиф олади.

Жамоа аъзолари United Airlines авиакомпаниясидан чипта олишади ва Канаданинг Янги Шотландия провинциясида жойлашган Галифакс шаҳридан парвоз қилишади.

Парвоз бошланишидан аввал кичик бир кўнгилсиз ҳодиса содир бўлади. Дейв қимматбаҳо гитарасини ўзи билан салонга олиб кирмоқчи бўлганида United Airlines авиакомпанияси ходимлари бўлган борт кузатувчилари бунга рухсат беришмайди.

У авиакомпания ходимларига гитарасини қимматбаҳо бўлиш билан бирга нозиклигини, самолётга ортиб туширишда уни синдириб қўйишлари мумкинлигини айтади. Бироқ улар Дейвнинг сўзларини инобатга олишмайди.

Дейв қанча илтимос қилмасин, авиакомпания ходимлари кўнишмайди. Шундан сўнг мусиқачи ўз гитарасини юкхонага топширишга мажбур бўлади.

Ўшанда Дейв ўтирган самолётнинг парвози Чикагодаги О’Хара аэропортигача бўлиб, мусиқачилар у ердан концерт бўлиб ўтадиган Небраска штатигача United Airlines авиакомпаниясининг бошқа самолётида учишлари белгиланганди.