11–12 июл кунлари Вилнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммити арафасида Шимолий Атлантика алянси раҳбарияти Литва пойтахтини «блокка аъзо мамлакатларнинг энг илғор қуроллари билан ҳимояланган ҳақиқий қалъага айлантириш» тўғрисида қайғурмоқда», деб ёзади Reuters агентлиги 8 июл кунги материалида.

Мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари қўлланиши саммит Литванинг Беларус билан чегарасидан жуда яқин масофада — 30 километрдан ортиқроқ — ўтказилаётгани туфайлидир. Россиянинг ўзига ҳам у қадар узоқ эмас — Калининград области учрашув жойидан тахминан 150 километр масофада. Тадбирда эса НАТО аъзоларининг АҚШ президенти Жо Байден бошчилигидаги асосий етакчилари иштирок этади.

Маҳаллий кучларга қўшимча равишда алянснинг ўн олти давлати саммитни қўриқлаш учун мингга яқин ҳарбий хизматчиларини юборган. Шунингдек ҳаво кенглиги ҳимояси учун қўшимча ёрдам таъминланган: Болтиқ бўйи мамлакатлари ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ўзи Россия томонидан эҳтимолий ҳужумга қарши туриш учун етарли эмас деб топилган.

«Саммитга Байден ва яна 40 мамлакат етакчиси келаётганида ҳаво кенглигимизни етарлича ҳимояламаслик масъулиятсизликдан ҳам оғирроқ нарса бўларди», — дея изоҳ берган Литва президенти Гитанас Науседа.

Иттифоқчилар ёрдамига зарурат туғилганига қарамай, мудофаа комплексига сарфланадиган ЯИМ улуши бўйича (тахминан 2 фоиз) Литва НАТОда етакчи давлатлардан ҳисобланади. Аммо Литва, шунингдек бўлган Болтиқ бўйининг бошқа давлатлари Эстония ва Латвия (бу уч мамлакатнинг биргаликдаги аҳолиси олти миллион киши атрофида) катта миқдордаги қўшинлар контингенти, катта миқдордаги қирувчи самолётлар ва саммит ўтказиладиган ҳудуд осмони ҳимоясини таъминлаш учун илғор ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ушлаб туриши қийин, дея ёзади Reuters.

«Патриот»лар — Германиядан, «Цезар»лар —  Францияники

Агентлик НАТОнинг айнан қайси мамлакатлари саммит ҳимояси учун қандай техникалар етказиб берганига аниқлик киритди:

  • Германия Литвага Американинг 12 та Patriot русумли зенит-ракета комплексларини юборган — бу НАТО мамлакатлари арсеналидаги асосий қуруқликдаги ҳаво ҳужумидан ва ракетага қарши мудофаа тизими ҳисобланади.
  • Испания эса маросимни Норвегия томонидан ишлаб чиқарилган NASAMS русумли қисқа ва ўрта масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаган.
  • Франциядан Вилнюсга Caesar русумли ўзиюрар гаубицалар етиб келган.