Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Сув остида хато қилиш бадали инсон ҳаёти билан тўланади” — наманганлик ғаввос билан суҳбат
Ёз фасли келиши билан белгиланмаган жойларда чўмилиб чўкиш ҳолатлари кўп учрайди. Бир касб эгалари чўккан инсонни излаб топиш баробарида ўз жонларини хатарга қўяди. Улар – қутқарувчи ғаввослар. Чўкканларни қидириш жараёни, ушбу касбнинг машаққатлари, ўзига xосликлари ҳақида Kun.uz мухбири наманганлик ғаввослар билан суҳбатлашди.
Шерали Тошпўлатов Наманган ФВБ сувда қидирув-қутқарув командири, 2002 йилда шу соҳадаги ходимларга ҳавас қилиб қутқарувчилик касбини танлайди. Аввалида ғаввослик унга машаққатли, ўлган инсонларни излаш тарафлари эса бироз қўрқинчли туюлади. Илк қутқарув ишидаги ҳолат эса бу ишда қайтиб ишламаслигига қарор қилишигача олиб келган.
“Илқ қидирув кунимда чўккан жасад юзи юзимга қўққисдан тўғри келиб қолган, қўрқиб сувдан чиқиб кетганман. Шунда ўйлаганман, бу иш менга эмас экан деб”, – дея илк ишини эслайди Шерали Тошпўлатов.
Орадан бир оз вақт ўтиб бир оиладан чўккан уч кишини топиб чиқади ва шундан сўнг қўрқувни енгиб, ишига қизиқиши ортади. Йигирма йилдан ошибдики, чўккан инсонларни қидириш, топиш билан шуғулланади.
Унинг сўзларига кўра, ғаввосликда ҳамма ҳам ишлаб кетолмайди. Кимдир тайёрлов жараёнида, 5-6 метр сув остига тушибоқ бу соҳани тарк этади. Кимдир бўлса илк жасадни кўрганда, жасад олиб чиқиш жараёнига гувоҳ бўлиб бу ишда ишлашдан бош тортади. Дарё ва каналларга тушиб жасад қидирадиган ғаввос тайёрлаш учун камида 3-5 йил вақт кетади.
Сув ости бошқа бир олам, у ерда хато қилиш бадали инсон ҳаёти билан тўланади. Шу сабабли ҳам ғаввослар сув остида ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилади. Масалан, шимолий Фарғона канали дарахтлар илдизи билан тўла. Бу ҳолатда ғаввос осонгина дарахт илдизига ўралашиб қолиши мумкин. Бундан ташқари балиқчилар ташлаб кетган тўрлар ҳам ғаввосларнинг душмани. Унга ҳам ўралашиб қолиш ҳеч гап эмас.
Тажрибали ғаввоснинг сўзларига кўра, 2023 йилда чўкишлар асосан спиртли ичимлик ичиб чўмилиш оқибатида, маълум қисми эса ошна-оғайниларнинг бир-бири билан “шу жойдан шу жойгача сузиб бороламан ёки боролмайсан” дея гаров бойлашлари орқасидан содир бўлган. Чўкишларнинг атиги 10 фоизи эса бахтсиз ҳодисалар оқибатида юз берган.
Шерали Тошпўлатов сув ҳеч кимни аямаслигини таъкидлайди. Ўзига ишониб, дўстлари билан гаров боғлаб, спиртли ичимликларни дарё ва каналлар бўйида ичиб чўмилиш охири ўлим билан тугаши мумкин.
Ҳаёт неъмати инсонга омонат берилган экан, белгиланмаган жойда спиртли ичимлик ичиб, бир бири билан гаров боғлаб чўмилиш ва ўз жонини хатарга қўйиш бу омонатга хиёнат қилгандек гап. Ўзингиз ва яқинларингизни асранг, махсус сузиш ҳавзаларида чўмилинг.
Тоҳиржон Турсунов
Мавзуга оид
11:50 / 17.06.2026
ФВБ тизимига ишга киритишни ваъда қилган шахс ушланди
15:13 / 15.06.2026
Наманганда таълим тизими мансабдори тезкор тадбирда қўлга олинди
17:37 / 04.06.2026
Наманганда терговчи ва адвокат пора билан ушланди
10:59 / 20.05.2026