2022 йил ёзида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини фонида, Швеция ва Финландия НАТОга аъзо бўлиб кириш учун заявка топширганди. Алянс қоидаларига кўра, бу мурожаатлар барча иштирокчи давлатлар томонидан маъқулланиши талаб этилади, аммо Туркия икки мамлакатни ҳам Курдистон ишчи партиясини қўллашда айблаб (Анқара бу партияни «террорчилик ташкилоти» деб билади), қарши чиқди. Финландия барча шартларни бажарди ва аллақачон алянс аъзосига айланди, аммо Швеция билан боғлиқ вазият мураккаб тус олди. НАТОнинг Вилнюсдаги саммити арафасида Ражаб Тоййиб Эрдўған агар Туркия Евроиттифоққа қабул қилинса, унинг мамлакати Швециянинг алянсга қўшилишига рози бўлишини айтди. Аммо бир неча соат ўтиб барибир Стокҳолмнинг заявкасини қўллашга розилик берди. «Медуза» шарқшунос Руслан Сулеймановдан Эрдўған нега айнан бундай ҳаракат қилгани ва бу унга яқинда бўлиб ўтган сайловларда йўқотиши мумкин бўлган ҳокимиятни сақлаб қолишда қандай кўмак бериши борасида сўради.
«Бу [Эрдўғаннинг Швеция НАТОга қўшилишига розилиги] кутилмаган ҳолат бўлмади. Барчаси шунга қараб кетаётганди, бу шунчаки вақт масаласи эди.
Эрдўған вақти-вақти билан илгари сураётган талаблар — масалан, Стокҳолм 120 нафар курд фаолини Анқарага бериши бўйича — ниқоб эди. Эрдўған Ғарб ва Россия ўртасида икки томонлама ўйин қилди, аммо якунда Финландия ҳам, Швеция ҳам НАТОга кириши бўйича қарор қабул қилди. Кўп жиҳатдан у Кремл бунга мутлақо муносабат билдирмаслигини англаб тургани туфайли шундай бўлди — биз буни [реакция йўқлигини] Финландиянинг заявкаси маъқулланганида кўргандик. Швеция билан ҳам шундай — Кремл буни шунчаки ютиб юборади ва бунга ҳеч нарса демайди.
НАТОнинг ўтган йил ёзидаги саммитида Туркия, Швеция ва Финландия Стокҳолм ва Хелсинкининг алянсга кириши билан боғлиқ барча масалаларни биргаликда ҳал қилиш ҳақидаги дастлабки келишувларни имзолаганди. Ўшандаёқ Анқара шу йўлдан бориши ва Москва билан ўйнашда давом этмаслиги аниқ эди. Аммо Эрдўған баланс учун ўзининг алоҳида ўйинини ўйнади.
Бошқа томондан, бу ички сиёсий ресурс ҳамдир: Эрдўған ўзини турк халқи манфаатлари ҳимоячиси сифатида кўрсатади, Туркияда эса ҳали ҳам НАТОга қарши кайфият кучли. Май ойида бўладиган сайловлар арафасида эса бу картани Швеция ва Финландия билан ўйнаш унинг учун муҳим эди. Шундай экан, бу ўйин Эрдўған учун жуда фойдали бўлди — аммо у эртами-кечми шведларнинг ҳам заявкасини маъқуллаган бўларди.
Швеция билан бу жараён Финландияга қараганда бироз мураккаброқ бўлиб чиқди. Стокҳолм Анқара террорчилар деб ҳисобловчи курдларга, яъни Туркияда фаолияти тақиқланган Курдистон ишчи партияси вакилларига кўпроқ имконият тақдим этган. Курдлар ўзларини Швецияда қулай ҳис қилишади, швед парламентида этник курдлар ҳам бор. Шунинг учун, афтидан, [Туркияда] бу давлатга саволлар кўпроқ бўлган. Қолаверса [2023 йил январида] Туркиянинг Стокҳолмдаги элчихонаси яқинида Қуръон китоби очиқчасига ёқилиши билан боғлиқ можаро рўй берганди — Эрдўған кўпинча [бундай акциялардан] нафақат турклар, балки бутун мусулмонлар манфаатлари ҳимоячиси сифатида [сиёсий] очко ишлашга ҳаракат қилади.















