Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига 2019 йилдаги ташрифи давомида келишувлар доирасида Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси ташаббуси билан мазкур давлат тажрибасини кенгроқ ўрганиш, унда тегишли соҳа мутахассисларининг тажриба орттиришларини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университети мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ 2022 йилнинг 15-19 cентябр кунлари хизмат сафарида бўлган эди.

Хизмат сафари даврида IHG (Intercontinental Hotels Group) меҳмонхоналар тармоғининг Яқин Шарқдаги минтақавий идораси билан бевосита мулоқотлар қилиниб, мазкур минтақадаги меҳмонхоналарда университетнинг Халқаро туризм факультети талабаларини 6 ойгача бўлган даврда амалиётларини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилган.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки “Intercontinental Hotels Group” меҳмонхоналар тармоғида хоналар сони бўйича дунёдаги энг йирик компания ҳисобланади. Компания деярли 100 та мамлакатлардаги 6000 дан ортиқ меҳмонхоналарга эга.

“CROWNE PLAZA DUBAI MARINA” меҳмонхонаси Дубайдаги қулай, нуфузли жойлашуви билан аҳамиятли бўлиб, самарали бизнес ва мароқли дам олиш учун идеал меҳмонхона сифатида машҳур. Меҳмонхона ишбилармон саёҳатчилар учун кўплаб учрашувлар ва тадбирларни ўтказишда қулай имкониятларга эга.
Юқорида таъкидланган ҳамкорлик меморандумига асосан Халқаро туризм факультети талабаларидан 16 нафари жорий йилнинг май ойида Бирлашган Араб Амирликларининг нуфузли меҳмонхоналарида 6 ойлик амалиёт ўташ учун Дубай шаҳрига юборилган.
Амалиёт давомида талабаларга турар жой, озиқ-овқат, транспорт ва суғурта харажатлари “Crowne Plaza Dubai Marinа” меҳмонхонаси томонидан қопланаётганини, шунингдек, талабаларга ойлик маош ҳам тўлаб борилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Мазкур ҳамкорликни йўлга қўйишда 2004 йилдан буён Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа Яқин Шарқ давлатларида фаолият юритиб келаётган, Дубай шаҳридаги “Crowne Plaza Dubai Marina” меҳмонхонаси директори, ҳамюртимиз Риҳсибай Турсунов яқиндан ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Бундан ташқари, ҳамюртимиз Риҳсибай Турсунов муаллифлигида инглиз тилида чоп этилган “Amazon” ва бошқа онлайн савдо тармоқларида “Best seller” бўлган “Be the change in the hospitality industry” номли китоби университет билан ҳамкорликда ўзбек тилида (Меҳмондўстлик саноати) чоп этилди.








