«Волгадаги бурлаклар» ва бир қатор асарлари билан машҳур бўлган рассом Илья Репин (1844–1930) октябр инқилобидан сўнг Россия империясидан мустақилликка эришган Финландиядаги ерларида қолишга қарор қилади ва Россияга қайтишни рад этади.

Репиннинг ҳузурига советларнинг чопарлари бирин-кетин келиб, «чол»га ўз фикрини ўзгартириши учун таъсир кўрсатишнинг янгидан янги усулларини (ҳисоботларда шундай ёзишган) синаб кўришади. Репин чақирилмаган меҳмонларни доим қувиб солган, кўпинча ёши ўтиб қолганини баҳона қилган.

Рассомни ўз томонига оғдира олмаганидан сўнг большевиклар унинг ўғли Юрийга таъсир ўтказа бошлашади. 1926 йил августида Финландия марказий изқувар полицияси тайёрлаган ҳисоботда «большевиклар ниҳоят Репиннинг ўғлини ўз томонига оғдиради ва Юрий Репин Россияга йўл олади», деб ёзилган.

Илья Репиннинг «Волгадаги бурлаклар» асари.

Юрий совет иттифоқига барибир кетмайди. Бироқ Илья Репиннинг невараси Дий большевиклар томонидан ваъда қилинган яхши ҳаётга учади ва 1935 йил баҳорида СССРга яширинча қочиб ўтади. Почта идораси архивида Юрий Репиннинг шахсан Иосиф Сталинга ўз ўғли тақдирини суриштириб беришни сўраб йўллаган хати ҳам бор.

«Сиздан шу йил феврал ойи охирида СССРга ўз бахтини излаш учун ихтиёрий тарзда чиқиб кетган (ўғлим) Дий Юрьевич Репин ҳақида маълумот беришингизни сўрайман. Агар уни унутишган бўлса ёки у оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган бўлса, унга ёрдам беришни сўрайман», — дейилган хатда.

Дийнинг тақдири номаълумлигича қолган. Фақат СССР парчалангач унинг тақдирига ойдинлик киритилади. У 1935 йил августидаёқ «СССРнинг олий раҳбарларига қарши терактлар уюштириш нияти учун» отиб ташланган эди. Ўшанда у бор-йўғи 28 ёшда бўлган.

Энди Дий нега бу ишга қўл ургани ҳақида.

Бир неча йил давомида Дий Швеция кемаларида денгизчи бўлиб ишлаган. Бу даврда у кучли, қўрқмас ва мустақил инсонга айланган. 1929 йилда у онаси оғир бетоблиги туфайли отасини қўллаб туриш учун кемадан тушгач, онаси, бобоси ва аммасининг ўлимига гувоҳ бўлади…

Ижодий муҳитда тарбия топган Дий болалигидан мўъжаз атмосферани симирган, рассомлик касбини танлаш фикри вақти-вақти билан йигитчани безовта қилиб турарди.