Президент Жо Байден маъмуриятидаги шахси сир қолишини сўраган икки манбанинг нашрга маълум қилишича, бу қарор АҚШ ва Европа дипломатларининг Бишкекка бир неча ойдан буён амалга ошириб келинган «бесамар ташрифлари»дан кейин қабул қилинган. Расмий шахслар анонимлик шарти билан сўзлашича, шу ҳафтанинг ўзидаёқ иқтисодий чоралар кўрилиши мумкин.

Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ва ундан кейинги санкциялардан сўнг Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси ғайритабиий даражада ўсгани қайд этилган. Тахминларга кўра, Қирғизистон орқали ҳам Россияга тўғридан тўғри экспорт қилиш тақиқланган маҳсулот етказиб берилади.

«Қирғизистон бошқалар билан таққослаганда кичик давлат бўлса ҳам, унинг мисолида санкцияларни четлаб ўтиш учун қулай муҳит яратиладиган барча омиллар кўриниб турибди», — дея юқори мартабали мулозимнинг сўзларини келтирган газета.

Америка томони баҳоларига кўра, санкцияга учраган товарлар реэкспортига Россия махсус хизматлари жалб этилган. Нашрнинг қайд этишича, Қирғизистондан товарларни қабул қилиб олган фирмалар Россия мудофаа саноатининг етказиб берувчилари бўлган.

Қирғизистоннинг Вашингтондаги элчихонаси Америка газетаси сўровига жавобан, мамлакат ҳукумати халқаро нормаларга риоя қилиш, контрабанда ва бошқа ноқонуний савдо турларига қарши курашиш мажбуриятини олганини маълум қилган. Элчихонадагилар Москва билан савдо ҳажми ўсганини товарлар ҳаракатини кузатишнинг электрон тизимлари такомиллашгани билан боғлаган.

Бу Қирғизистон учун биринчи санкциялар эмас

19 май куни ҳам АҚШ ҳукумати Қирғизистон ҳудудида рўйхатга олинган Tro.Ya компаниясига қарши санкциялар қўллаганди.

Қирғизистон ҳукумати Россия билан иқтисодий алоқалар жуда муҳим эканини айтади. Фото: AFP

Америка Адлия вазирлиги қирғиз компаниясини россиялик ҳарбийлар ва РФ мудофаа секторига ёрдам берувчи бошқа 70 фирма ва юридик шахслардан иборат рўйхатга киритганди. Журналистлар Tro.Ya электрон компонентлар ва навигация ускуналари етказиб бериш билан шуғуллангани ҳақида хабар беришган.